Чемпионатлар тарихидаги энг ғайриоддий якунлар ҳақида эшитганмисиз?
Коронавирус туфайли жорий этилган карантин эвазига қатор миллий чемпионатлар маълум муддат тўхтатиб қўйилди. Мана, энди-энди айрим биринчиликларга рухсат бериляпти. Аммо якунланмай қоладиган ёки натижаси бекор қилиниши кутилаётган чемпионатлар ҳам бор. Жаҳон футболи тарихида бунга қадар ҳам энг ғайриоддий кўринишда поёнига етган ҳолатлар ҳам кузатилган. Қуйидаги материалда шундай воқеалар эсга олиб ўтилади.
Италия (1926-27 мавсум)
1926-27 мавсумда чемпионлик учун энг асосий даъвогар «Ювентус» бўлганди. Турин шаҳри жамоаси бундай унвонни ҳимоя қилишга жуда яқин келган эди. Шуни алоҳида илова қилиш жоизки, ўтган асрнинг 20-йилларида Италияда чемпион бутунлай бошқача форматдаги ўйинлар орқали аниқланарди.
Қолаверса, ўша кезларда ярим ҳаваскор ва ҳаваскор жамоалар профессионал мақомга ўтмагандилар. Хуллас, 10 тадан жамоа мос равишда «А» ҳамда «В» гуруҳига ажратиларди. Иккита конференциядан энг яхши натижаларни қайд этган 3 тадан клуб финал босқичига йўл олиб, бир-бири билан ўзаро беллашган ҳолда ғолибни аниқларди.
Айнан мини-турнир кўринишида ўтган ўша плей-оффда сенсацион воқеалар юз берган. «Ювентус» футболчилари «Милан» ва «Женоа»ни мос равишда 8:2 ва 6:0 ҳисобида тор-мор келтирганидан сўнг Турин дербисида «Торино» билан учрашиши керак эди.
Буни қарангки, дастлаб аутсайдер сифатида қаралган «Торино» беш имкониятдан максимал даражада фойдаланиб, ҳал қилувчи босқичга чиққан ва охир-оқибат «Юве» билан ғолиблик масаласини ҳал этишга киришган. Дерби кутилмаганда «Буқалар»нинг «Бьянконерлар» устидан эришган 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳоясига етган. Аммо кейинчалик «Ювентус» таркибидаги ҳимоячи Луижи Алламандининг ўйинни ўша давр учун анча катта бўлган сумма - 25 минг лира эвазига «Торино»га сотганлиги аниқланган. Оқибатда ўша 1926-27 мавсумдаги «Торино» чемпионлиги федерация томонидан бекор қилинган.
Германия (1944-45 мавсум)
Европадаги қатор мамлакатлардан фарқли равишда иккинчи жаҳон урушини бошлаган Германияда ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган паллада ҳам чемпионат тўхтатилмаганди. Тарихдан маълумки, нацистлар Германияси 1933 йили гаулигага асос солган ҳолда футбол бўйича биринчилик ўтказишни йўлга қўйган эди. 1944-45 мавсумга келганда олдинги биринчиликларда иштирок этган регионал минтақалардаги клубларда фақат ном қолганди холос.
Ўз навбатида гаулигада ўша кезларда қўшни Польша ва Австриядаги жамоалар иштирок этганлигини қўшимча қилиш жоиз. Лекин иккинчи жаҳон уруши якунланиб бориши арафасида ўша биринчиликдаги аҳвол ҳам ёмонлашиб кетганди. 1944 йил кузига келиб, Германияда футбол мавсумлари 3-рейхнинг Шарқий ерларига совет армияси аста-секинлик билан кириб келиши ҳисобига муддатидан олдин якунланган. Аниқроғи, ўйинларни ўтказишнинг асло иложи қолмаган. Қисқаси, гаулигадаги биринчиликлардан фақат Гамбургдагиси ниҳоясига етказилган. Ўшанда маҳаллий «Гамбург» гаулига тарихида илк бор шоҳсупага кўтарилган.
Югославия (1991-92 мавсум)
Дастлаб Македония, сўнгра Босния ва Герцеговина ўзини мустақил дея эълон қилиб, Югославиядан ажралиб чиққанди. Ўша кезларда собиқ Югославияда инқироз барча соҳаларни, жумладан футболни ҳам қамраб олганди. 1991-92 мавсум давом этаётган пайтда Сараево шаҳрининг «Железничар» клуби биринчиликдан ажралиб чиққанди. 1992 йил баҳорида Боснияда уруш бошлангани туфайли бирин-кетин бошқа жамоалар ҳам чемпионатни тарк этди. Масалан, «Слобода» билан «Вележ» клубларини айтиш мумкин.
Ўшанда Македониянинг «Вардар» жамоаси биринчиликни ютишга асосий даъвогар сифатида эътироф қилинганди. Бироқ 18 иштирокчидан 6 таси мусобақадан чиқиб кетгани учун чемпионатни ниҳоясига етказишнинг иложи қолмаган. Шундай бўлса-да, биринчилик раҳбарлари ғолибни эълон қилишни маъқул топганлар. Бундай мақом «Црвена Звезда»га берилган эди. Аммо барибир УЕФА буни тан олмаган.
Греция (2010-11 мавсум)
2010-11 мавсум грек чемпионатини «Олимпиакос» (Пирей) ютиши деярли аниқ бўлиб улгурганди. Чунки машҳур клуб яқин таъқибчиларидан анча илгарилаб кетган ҳолда мусобақа жадвалида 1-ўринни банд этиб турарди. Ўз навбатида элита аутсайдерлари «Астерас», «Лариса» ва «Пансерраикос» жамоаларининг қуйи дивизионга тушиб кетишига ҳеч ким шубҳаланмасдан қўйганди. Аммо чемпионат ниҳоясига етиши арафасида грек футболида коррупцион можаро юзага келган.
«Кориополис» номи билан барчанинг эътиборини тортган ўша машмаша туфайли суперлига ниҳоясига етказилмасдан қолган. Чунки УЕФА махсус комиссияси томонидан ўтказилган суриштирув ишлари асносида грек футболида келишилган ўйинларни ташкил этиш, пулларни «ювиш» каби жирканч ишлар билан бир эмас, балки учта клуб шуғуллангани очилган. Мана шундай ишларнинг бошида «Олимпиакос» хўжайини Евангелос Маринакис (биласиз, бу шахсда яқинда коронавирус аниқланган) тургани фош этилганди.
Чили (2019 мавсум)
Охирги йилларда муддатидан олдин ғайриоддий кўринишда якунланган футбол чемпионати билан боғлиқ жарангдор ҳолат Чили примерасида 2019 йилги мавсумда кузатилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, то бугунги кунга қадар ушбу юртда маҳаллий аҳоли томонидан норозилик намойишлари уюштириб келинмоқда. Бунга эса мамлакат иқтисодиётида юзага келган чуқур инқироз сабаб бўляпти. Табиийки, бундай нотинчликдан сўнг Чили биринчилиги ниҳоясига етказилмасдан қолган. Ваҳоланки, чемпионат ниҳоясига етишига атиги 6 та тур қолганди холос. Шундай вазиятда ҳам барибир маҳаллий футбол ассоциация раҳбарияти «Универсидад Католика» клубини чемпион, деб эълон қилган.
Фикрлар