“Чемпионимиз шокда”: Диёра Келдиёрованинг суперғалабасини ўрганиб чиққан японлар яна нималар деяпти?

Париж Олимпиадасининг дзюдо мусобақаларидаги энг ёрқин учрашувлардан бири хотин-қизлар ўртасидаги 52 килограм вазн тоифасида япониялик Ута Абэ ва ўзбекистонлик Диёра Келдиёрова иштирокида бўлди.

Ута Абэ Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2024 йилги жаҳон чемпионатида қатнашмаган эди. Мундиалда кумуш медалга эга чиққан Диёра шу боис, Олимпиада қуръасида биринчи рақамда сараланди.

Япон ва жаҳон дзюдосида Абэлар оиласининг мавқеи жуда баланд. Ака-сингил Хифуми ва Ута Абэлар бир неча йиллардан бери жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида ўз мамлакатлари терма жамоалари жамғармасини олтин медаль  билан тўлдириб келади.

Бу гал ҳам ака-сингил Кунчиқар юртга бир жуфт олтин медаль билан қайтмоқчи эди. Лекин бунга ўзбек қизи Диёра Келдиёрова йўл йўқмади. Полвон қизимиз беш йилдан бери мағлубият нималигини билмай келаётган рақибасини япон кураши – дзюдо усулида соф ғалаба – иппон билан енгди.

Япония матбуот аламли ғалаба ҳақида нималарни ёзмоқда?

Sports.uz портали ўзбекистонлик спорт ишқибозлари эътиборига Ута Абэ ва Диёра Келдиёрова тўқнашуви ҳақида япон матбуоти эълон қилаётган маълумотларни ҳавола этади.

JAPANTODAY.COM сайти:

Ака-сингил Абэларнинг бир кунда Олимпия ўйинлари олтин медалларини қўлга киритиш орзуси армонга айланди. Ута Абэ нимчорак финал босқичида Ўзбекистон дзюдочиси Диёра Келдиёровадан қақшатқич мағлубиятга учради.

Ута ҳам, акаси Хифуми ҳам “Токио-2020” уй Олимпиадасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган, сўнгги йилларда ҳар бир жаҳон чемпионатида олтин медалга эга чиқаётган эди. Бу гал бундай бўлмайди.

Диёра ҳисобда олдинда бораётган Утани ажойиб усул қўллаб, иппон баҳоси билан енгди. Аламли мағлубиятдан кейин Абэни юпатиш осон бўлмади. Бу спортчи 52 килограмм вазн тоифасида анча йиллардан бери гегемонлик қилиб келаётган эди.

Ута Абэ  Олимпия ўйинлари бошланишидан олдин Халқаро Олимпия қўмитасининг olympics.com расмий сайтига интервью бериб:  “Мен ҳамманинг кўз ўнгида енгилмас дзюдочига айланмоқчиман”, деган эди. Амалда бундай бўлиб чиқмади.

MAINICHI.JP сайти:

Ута Абэ мағлубиятдан шокда. Мусобақага амалдаги Олимпия чемпиони сифатида киришган дзюдочи 52 килограмм вазн тоифасида ўзбекистонлик Диёра Келдиёровадан иккинчи даврада мағлубиятга ураlи.

2023 йилги жаҳон чемпиони бўлган Ута Абэ мағлубиятига чидай олмайди, анчагача кўз ёш тўкди, бошини кўтара олмай қолди.

- Ута беллашувнинг биринчи ярмида вазари баҳоси билан олдинга чиқиб олган ва ғалаба йўлидан бораётган эди. Рақибаси жуда қаттиқ қаршилик кўрсатди ва кичкинагина имкониятдан фойдалана олди.

52 килограммгача вазн тоифасида жуда зўр дзюдочилар кўп. Диёра Келдиёрова жуда тезкор. Мен бу беллашув жуда оғир ўтишини билардим, лекин Ута одатдагидек ғалаба қозониш йўлини топа олишига умид қилгандим, - деди Япония хотин-қизлар терма жамоаси бош мураббийи Кацуюки Масучи.

Умуман олганда, Диёра Келдиёрова олтин медаль учун курашдаги энг жиддий рақибасини мағлуб этганидан кейин ҳам кучли дзюдочилар билан татамига чиқишига тўғри келди. Диёра кейинги баҳсларда жаҳон ва Европа чемпионатлари совриндори германиялик Маша Болхаус,  жаҳон чемпионати совриндори ва халқаро турнирлар ғолибаси франциялик Амандин Бушар, Европа чемпионатлари совриндори, жаҳон ва амалдаги олимпия чемпиони косоволик Дистрия Красничини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Диёра Келдиёрова дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони бўлган биринчи спортчимиз сифатида номини тарихга муҳрлаб қўйди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
ишбобоев жума
29/07/2024 10:07
Бизлар Диера мисолида Тумарислар аждодидан эканлигимиз курсатик. Олга Узбекистон!!!.
Mahmud Ttww
29/07/2024 08:20
Шижоат ва ишонч билан ғалабага эришди, яшавор Диёра қизим.
Абдухаликов Мухаммад
29/07/2024 08:17
Диёрага омад бахтли хаёт ёр булсин
Davlatbek Alibekov
29/07/2024 05:26
Яхши табриклаймиз Диёрани на инки Диёрана бутун бошли У'ЗБЕК ТУРКЛАРИ диёрини х,ам . Галаба к,уллуг бу'лсин
&
Ulja Toliyev
29/07/2024 16:55
Дие́рани табриклаймиз галабасини кузимда е́ш БН нишонладим
Шухрат Хусаинов
29/07/2024 12:55
Яна мактаниш бошланди
Azam Nazarov
29/07/2024 12:10
Машааллоҳ......... Бардавом бўлсин......... Омин.........