Чемпионлик тақдири ҳал бўлмоқда. Муҳим ўйинда Яхшибоев жамоасидан ғалаба кутамиз!

Бугун Беларусь чемпионати ҳал қилувчи паллага кирди. Узоқ вақт пешқадамлик қилган “Шахтёр” охирги учта ўйиндан иккитасида муваффақиятсизликка юз тутиб, асосий рақобатчиси БАТЭни олдинга ўтказиб юборди. Тўпурарлар баҳсида пешқадамлик қилган Жасур Яхшибоевга барқарорлик етишмаслиги ортидан БАТЭ ҳужумчиси Максим Скавиш унга тенглашиб олди. Ҳар иккиси ҳисобида 13тадан гол бор.

Солигорскликлар 26-тур учрашувини ўз майдонида Беларуснинг энг машҳур клуби “Динамо-Минск” футболчиларига қарши ўтказади. Бу ўйинда мезбонларни фақат ғалаба қониқтиради ва ўйин улар кутган натижа билан якунлансагина, битта ўйин кам ўтказган “Шахтёр” биринчи ўринда турган БАТЭ билан учрашувлар ва очколари сонини тенглаштириб олади.

Ўз навбатида, БАТЭни ҳам қийин учрашув кутиб турибди. Борисовликлар тўртинчи поғонада турган “Ислочь” меҳмони бўлади. Мезбонлар ғалаба қозонган тақдирда совринли ўринлар учун курашга қўшилади. Шу ўринда, айни пайтда иккинчи ўринда турган “Нёман”нинг кутилмаганда ўз мухлислари кўз ўнгида аутсайдерлар жамоалардан “Городея”га ютқазиб қўйгани, “Шахтёр”, БАТЭ ва “Ислочь”га қўл келганини таъкидлаш лозим. “Нёман” эса 26-учрашувида очколар сонини 50 тага етказиб, биринчи ўринга кўтарилиб олиш ва чемпионлик учун курашиш имкониятини қўлдан чиқарди.

Демак, 26-тур доирасида “Шахтёр” – “Динамо-Минск” ва “Ислочь” – БАТЭ учрашувлари ўта муҳим аҳамиятга эга.

“Шахтёр” ва “Динамо-Минск”нинг ўзаро рақобатида кичик устунлик Яхшибоев жамоаси томонида. Охирги саккизта учрашувнинг учтасида солигорскликлар зафар қучган, тўртта баҳсда кучлар тенг келган ва “Динамо-Минск” битта ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган. Бу йилги чемпионатнинг биринчи даврасида “Шахтёр” футболчилари Минскдан кичик ҳисобдаги ғалаба билан қайтган эди.

Чемпионлик учун курашда “Шахтёр” ва БАТЭ ўзаро рақобатлашаётган бўлса, тўпурарлар баҳсида шу икки жамоа ҳужумчилари – Жасур Яхшибоев ва Максим Скавиш кураши давом этади. Бундан бир неча тур олдин бу йилги тўпурарлар пойгасида ўзбекистонлик футболчининг имконияти жуда юқори баҳоланган бўлса, энди руҳий устунлик Максим Скавиш томонига ўтди.

20200912221703-820x420

Жасур Яхшибоев голларининг 9 тасини собиқ жамоаси – “Энергетик-БГУ” таркибида киритган эди. “Шахтёр”га ўтганидан кейин саккизта баҳсда рақиблар дарвозасини тўрт маротаба аниқ нишонга олди. Максим Скавиш эса биринчи давра ўйинларида борисовликларнинг учта голига муаллиф қилди. Ҳеч ким унинг тўпурарлар рақобатига суқулиб киришини кутмаган эди. Лекин чемпионатнинг иккинчи ярмида ўнта гол урган ҳолда тўпурарлик учун курашаётган кўп ҳужумчиларни ортда қолдириб, Жасур Яхшибоевга етиб олди.

Демак, яна бир қизғин рақобатга гувоҳ бўламиз. Жасур Яхшибоев легионер мақомида тўп тепаётган илк мавсумида тарихий натижа қайд этиб, Беларусь чемпионатининг энг зўр тўпурари бўла оладими? Бу саволнинг жавоби Жасур чемпионатнинг қолган ўйинларида қанча гол ура олишида!

“Шахтёр” – “Динамо-Минск” учрашуви Тошкент вақти билан 20:00да бошланади. Бу учрашувни Яхшибоевнинг ўзи сариқ карточкалари кўплиги туфайли ўтказиб юборади. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Liverpool fan
18/10/2020 13:06
Жасур уйинга тушмидику