Чемпионлик учун курашда «Челси»га нима етишмаяпти? (Эркин Ғайбуллаев блоги)
Ads

«Кўклар» сўнгги йилларда Премьер Лига ғолиблиги учун курашда асосий фаворитлар қаторидан чиқиб қолди. Янги бош мураббий Маурисио Сарри қўли остида ҳам узоқ вақт енгилмасдан келганига қарамай, бош соврин учун даъвогарлик қила олмайди. Буни ўз уйида «Лестер»га ютқазиб қўйганидан ҳам кўришимиз мумкин. Хўш, клубда қайси жиҳат иш бермаяпти?

«Челси» Премьер Лига етакчиси «Ливерпуль»дан айни вақтга келиб 11 очкога ортда қолиб кетди. Уларнинг бу мавсум ҳам даъвогарлар сафидан чиқиб кетгани тобора ҳақиқатга айланиб бормоқда.

Сарри «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити»дан кейин бораётган бўлсада, уларнинг 18 ўйинлик мағлубиятсиз серияси ҳам якунда ҳеч қандай фойда бермади.

Англиянинг «кучли олтилик» жамоасидан тўрттаси асосан кураш олиб бориши билан танилган. Бироқ ҳозирда «Челси» «Тоттенхэм», «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» билан кучли тўртликка кириш учун курашмоқда.

Саррининг изохлари пессимистик кайфиятда бўлаётгани унинг ўзидан олдинги ватандоши Конте учраган муаммоларга дуч келаётганини англатмоқда.

Ғалати рухият

Ҳар қандай вақтда «Челси» ҳар қандай рақибни ютиши мумкин. «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» мавсум давомида буни кўрсатиб беришди. Аммо ҳақиқий синов ҳафта ўтган сари қийинлашиб бормоқда.

Лондонликлар бу жабҳада омадсизликка учрамоқда. Улар «шаҳарликлар» ёки «қизиллар» каби кучли характер кўрсата олмаяпти.

Ҳатто энг яхши жамоанинг ҳам «қора кунлари» бўлади. Бироқ «аристократлар»да бундай ўйинлар сони ортиб бормоқда. Ноябрь ойида Сарри шогирдлари ўйинни суст бошлаши билан ажралиб турганди. Энди эса улар рақиб гол урганда бунга тезкор реакция кўрсатишда нўноқлик қилмоқда.

«Лестер» ўтган турда 18 йил деганда «Стэмфорд Бридж»да илк ғалабасини нишонлади. Клод Пюелл шогирдлари «Челси» тўпга эгалик қилгани ва кўплаб хавфли вазиятлар яратганига қарамай мослашувчанликни намойиш қилди.

Жейми Вардининг иккинчи бўлимдаги ҳужумларига «Челси» дош беролмади ва Сарри жамоасида қаршилик кўрсатиш қобилияти йўқолиб қолганини кўрсатди.

«Фикримча, биз 55 дақиқа яхши ўйнадик, биз жуда яхши ўйин намойиш қилдик. Голдан кейинги реакциямиз тўғри йўналишда эмас, ғалати бўлди. Жамоа бўлиб эмас, 11 футболчи бўлиб реакция кўрсатдик. Бу жуда ғалати» – деди Сарри ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.

«Ўйлашимча, биз яхшироқ бажарашимиз керак эди. Биринчи бўлимда бўлганидек ўйнашда давом этдик. Гол уриш учун вазиятлар бўлди. Реакциямизни эса умуман тушунмадим» – дея қўшимча қилди.

Улар кўплаб ўйинларда спорт формасидан, ўйин натижасидан қатъий назар, муносиб реакция кўрсатишда қийналишмоқда. «Манчестер Юнайтед», «Кристал Пэлас», «Вулверхемптон», «Тоттенхэм» ва «Лестер»... Айнан шу беллашувларда “кўклар” қимматли очколарни йўқотишди.

Бунинг ягона эҳтимолий ечими «Челси»да янги етакчиларнинг пайдо бўлиши ҳисобланади. Лондонликлар Жон Терри, Дидье Дрогба ва Фрэнк Лемпард каби етакчиларга муҳтож. Айнан уларнинг футболдаги иқтидоридан кўра метин рухиятлари асқотарди.

Тажрибали ҳужумчининг етишмаслиги

Эден Азар «алдамчи тўққизлик» позицияси билан клубнинг етакчи ҳужумчисига айланиб бормоқда. Алваро Мората ва Оливье Жирулар эса биргаликда ички чемпионатда олти голга муаллифлик қилишган.

«Челси» олдинги чизиқда саккиз гол урган Азар билан ўйнаганига қарамай «тулкилар» чуқур ҳимояланишди ва Педро, Виллианларга ўзларини кўрсатишларига имкон бермади.

Жиру меҳнаткаш ва ижобий таъсир кўрсата олади, бироқ Жаҳон Чемпионатида бўлганидек, у гол уриш вазифасини бошқаларга топширишни маъқул кўради.

Мората аслида бир мавсумда 20, 30 талаб гол ура оладиган топ ҳужумчи сирасига киради. Аммо унинг Лондондаги босимни кўтариши қийинчилик туғдирмоқда. «Ювентус» ва «Реал»да ўзини кўрсата олган ҳужумчи учун «кўклар» нақ 58 миллион фунтнинг баҳридан кечган ва бу ўз навбатида ҳар қандай ҳужумчига босим ўтказиши муқаррар.

26 ёшли ҳужумчига жароҳатлар, эътирозлар, танқидлар ҳам таъсир қилмоқда. Унинг клубдаги натижаси терма жамоадаги фаолиятига ҳам таъсир қилмай қўймади. У Испания таркибида Мундиалга боришнинг уддасидан чиқа олмади.

Футболда сабрнинг муддати чегараланган. Шу туфайли қишда бунга ечим сифатида янги истеъдодли ҳужумчи олиб келса, ажабмас.

«Челси» Гонсало Игуаинни ўтган ёзда олиб келмоқчи эди. Миш-мишларга кўра, улар яна аргентиналик футболчининг номзодини қайта кўриб чиқишмоқда. «Алдамчи тўққизлик» иш бераётган бўлсада, Сарри барибир тўпурар ҳужумчига эҳтиёж сезмоқда. ОАВ эса клубни Пулишич, Фекир ва Дембелелар билан боғлаб келмоқда.

Баъзилар эса Сарри «Б режа»га муҳтожлигини айтмоқда. 59 ёшли мутахассис ўз тактик режаларини қайта кўриб чиқса, фойдадан ҳоли бўлмайди. Боз устига клуб ёшлар академиясининг иқтидорли вакилларини асосий жамоага ўтказиш ҳам муҳим масала ҳисобланади. Кўпчилик бу борада Саррига ишонмоқда.

Бироқ у аввал жамоада юқорида тилга олинган устувор масалаларга ечим топиши керак. Буюк ишларни амалга ошириш учун эса вақт талаб қилинади. Ишонмасангиз, «Манчестер Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиоладан сўранг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
26/12/2018 15:37
Челсига эмас, Саррига тажриба ва озгина вакт етишмайди