Чирчиқда корэш бўйича халқаро турнир ўтказилди

Жорий  йилнинг 10 октябрь куни Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт залида Корэш спорт тури бўйича халқаро турнир ташкил этилди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Корэш спорт тури татар миллий спорт тури бўлиб, Халқаро корэш федерацияси (Международная Федерация поясной борьбы корэш) Россиянинг  Қозон шаҳрида жойлашган ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси билан  доимий ҳамкорликни йўлга қўйган. Ушбу турнир ҳам ўзаро ҳамкорлик доирасида ташкил этилди ва мазкур мусобақада Россия,  Қирғизистон ва Ўзбекистон спортчилари ўртасида 5 та вазн тоифасида беллашувлар бўлиб ўтди.

Муросасиз ўтган   баҳсларда халқаро корэш федерацияси бошқарув раиси Равиль Нагуманов (Россия), Осиё белбоғли кураш конфедрацияси президенти Мўмин Муратов, Тошкент вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов, халқаро қирғиз курош федерацияси президенти Рыскелди Шамиев (Қирғизистон), 
Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси ўринбосари Охунжон Кутумовлар иштирок этиб, ғолиб спортчиларни диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан мукофотлашди.
Турнир доирасида Осиё белбоғли кураш конфедрацияси президенти Мўмин Муратов ва Халқаро Қирғиз куроши федерацияси президенти Рискелди Шамиев ўртасида белбоғли курашни ривожлантириш борасида меморандум имзоланди. 

Шунингдек, спорт делегацияси Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдираҳимов қабулида бўлишди  ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боришди. Бундан ташқари турнирга ташриф буюрган россиялик халқаро корэш федерацияси вакиллари ва спортчилари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Миллий кураш турлари назарияси ва услубияти кафедрасида бўлишиб, талаблар билан маҳорат сабоқлари намойиш этишди ҳамда меҳмонлар университет музейидаги экспонатлар билан ҳам танишишди. 
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!