Чирчиқда волейбол бўйича Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтмоқда
Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети манежида волейбол бўйича 14 ёшгача ва ундан кичик ёшдаги ўғил болалар ўртасида Ўзбекистон кубоги беллашувлари бўлиб ўтмоқда. Бугун 6 февралдан старт олган мазкур мамлакат кубоги баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри барча вилоятлар 200 нафар спортчи-ўқувчилар 14 та жамоа бўлиб, чемпионлик кураш олиб бормоқда.
ЎзДЖТСУ манежида ушбу чемпионатнинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Очилиш маросимида Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев, ЎзДЖТСУ биринчи проректори Шерзод Мирзанов, Чирчиқ шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари, капитан Бекмурод Бадалов, Тошкент вилояти волейбол федерацияси ижрочи директори Даврон Халиковлар иштирок этишди. Маросимда сўз олганлар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш ва оммавийликни оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб, жамоаларга омад тилашди. Шундан сўнг мусобақага старт берилди.
Айни пайтда 14 та жамоа 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда куч синашишмоқда. Мусобақа 12 февралга қадар давом этади ва ғолиб жамоа жорий йилнинг 16-20 апрель кунлари Россиянинг Новосибирск шаҳрида ўтказиладиган Ҳамдўстлик кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Фикрлар