Чиркин империянинг қулаши: Бартомеу Мессининг “олтин давр”ини қандай барбод қилди?

Каталонияликлар сўнгги бор Европа тахтини эгаллаганига 5 йил бўлди. У даврда жамоада даҳшатли ҳужум триоси бор эди. Бугун Неймар бошқа жамоада финалларни ўйнамоқда. Суареснинг ёши ўтиб қолди. Ахир, мана шундай ҳолатда Месси нима қилиши керак?
Қақшатқич мағлубиятдан сўнг, биринчи бўлиб ҳақли равишда Пике гапирди: “Бу қўрқинчли ўйин ва даҳшатли ҳиссиёт. Биз шармандали ўйин кўрсатдик. Жамоада янгиланишлар даври келганини кўрдик. Агар бу йўлда мен клубга ҳалақит берсам, биринчи бўлиб кетишга тайёрман”.
Раҳмат, Пике. Жамоа етакчиси клубини ўзидан-да юқорироқ қўйишини кўрсатди. “Mes que un club” дейишармиди?! Бу уят ва номус билан айтилган изтиробли сўзлар эди. Қани эди Бартомеуга ҳам мана шу туйғу бироз етиб борса! У ҳамон ўзининг бир неча ойлик мансабига тиш-тирноғи билан ёпишиб олган. У мағлубиятда айбдор сифатида барчани ҳайдай бошлади: бош мураббий Сетьен, спорт директори Абидаль ва ҳоказо. Йўқ, бу етарли эмас. Унинг ўзи кетиши керак. Месси қоладими, йўқми - “Барса” бу мансабдордан қутилиши ва Каталония масъул идоралари унинг ишларини ўрганиб чиқишни бошлаши зарур.

россел
2021 йилги сайловларда муқаррар лавозимидан айриладиган Хосеп Мария учун клубнинг жимжимадор, юракларга ларза солувчи шиорлари аҳамиятга эга эмас. У инсоний қадриятларни бир пул, деб билишини дўсти Сандро Росселни сотиб, унинг ўрнига ўтириб олган пайтдаёқ билиб бўлишган. Келинг, бир бошидан унинг президентлик даврини ёдга оламиз.


Эйфория


Бартомеу президентликка ўтирган дастлабки йилдаёқ “Барса” ўз тарихидаги иккинчи треблни қайд этди. Зўр натижа, тўғрими? Лекин ўша мавсум таркиби ундан олдинги президент Сандро Россель ташкил этиб бўлган жамоа эди. У эса “тайёр ош” устига келди. Унинг президентликка келиш тарихи ҳам ғирром йўлларга бориб тақалиши ҳақида бир неча ой аввал эълон қилган мақоламда фикр юритгандим.

«Барселона» ички низолар гирдобида. Бош айбдорлар: Бартомеудан Мессигача

Ўша пайтда низо энди авжига чиқаётган эди. Неймар трансферига ноқонуний йўллар аралашгани аниқ, аммо Бартомеунинг сувдан қуруқ чиқиши ажабланарли эди. 2014 йилда клуб бошқарувини олган Хосеп бир йил ўтиб навбатдаги 5 йиллик муддатга сайланди. Ўша пайтларда аввалги раҳбарият яратиб кетган тизимли ва ҳар бир чизиғи супер даражадаги “кўк-анорранглилар” таркибини чемпионликка эришиши у қадар ажабланарли иш эмасди.

барт 1
Мантиқсизлик

Хўш, кейин нима бўлди? Кейин асли касби бизнесмен бўлган ушбу жаноб каталонияликлар “боғини қурита бошлади”. Кейинги мавсумда “Атлетико” чорак финалда каталонияликларни мусобақадан чиқариб юборди. Ўша йили жамоадан кетган Хави ўрни керакли футболчи билан тўлдирилмади. 34 млн еврога 28 ёшли Туранни олиш… Хавининг қиладиган ишларини у қила олмаслиги позицияси жиҳатидан ҳам кўриниб турарди. У Каталонияда ўз трансфер суммасининг ярмича ҳам фойда келтирмади. Ярим ҳимоядаги ишларнинг кўплиги тез орада Иньестанинг сочларини ҳам оқартирди.
Кейинги мавсумда Дани Алвеш жуда эрта қўйиб юборилди. Ўша йилнинг ўзида у текинга бориб қўшилган “Ювентус” “Барса”ни чорак финалда енгди. Бразилиялик ўзининг юқори даражадаги ўйини билан финалгача янги жамоасини етаклаб борди. Хўш, Бартомеу кимнинг ёки ниманинг ҳисобига уни қўйиб юборди? Ностабил Видаль ёки асли ярим ҳимоячи бўлган Сержи Роберто? Видаль доим ўртамиёна футболчи бўлиб келган ва захирадан майдонга тушарди, холос. Робертонинг калит узатмалари, майдонни кўра олишига гап йўқ. Нима қилса ҳам ярим ҳимоячида! Ҳимояда эса бошқача ҳислатлар талаб этилади.
Кейинги йилда эса, клуб тарихидаги энг катта аҳмоқликка йўл қўйиб, Неймар клубдан кетишига рухсат берди. Хўп, Неймар ўзи кетишни хоҳлади, ҳам дейлик, нега аввал унга муносиб ўринбосар топмай туриб, футболчи Парижга қўйиб юборилди. Бутун дунё кўриб турибди: “Барса”да пул бор. Мана шундай пайтда мавсум давомида 6 та гол урган 20 ёшли болакайнинг нархи ҳам 138 млн евро туради! Кейин эса келганига бир ой ҳам бўлиб улгурмай, жароҳатлар оламига шўнғиб кетади.

дембеле

Бартомеу 2015 йилдан буён трансферлар учун 1 млрд евродан кўпроқ маблағ сарфлади. Лазаретдан боши чиқмайдиган Дембеле, “Барса”да ўз даражасини йўқотиб, “Бавария”да каталонияликларни ер тишлатган Коутиньо, клуб услубига бир йилда ҳам мослаша олмаган Гризманн, шулар жумласидан.
Эсиз, “Барса”...
Бартомеунинг ишларини кўриб, бир фикр уйғонмоқда: у футболни тушунмайдими ёки клуб фалсафасиними? Узоққа бормаймиз, нега Вальверде шунча талаб билдирилишига қарамай, мавсум аввалида истеъфога чиқмади ва нега мавсум ўртасида унинг ўрнига кучлироқ мураббий эмас, “Бетис” истеъфога чиқарган Кике Сетьен олиб келинди. Хосеп Мария жаноблари клуб қадриятлари, шаъни, ғурури нимани англатишини билармикан?! Ҳеч қайси клуб раҳбари омма олдига чиқиб молиявий зарар кўрган суммасини ошкор қилмайди. Бартомеу эса журналистларнинг жамоа инқирози ҳақидаги саволига “биз 200 млн евро зарар кўрдик. 200 млн!”, - деб жавоб беряпти. Олдинроқ, кўкка совурган 1 млрд евро ҳақида ўйлаш яхшироқ эмасми?! Умуман, каталонияликлар ночор клубмиди, бу каби барча олдида дардини дастурхон қиладиган. Нега ҳатто ёрдамчиларига ҳам гапи ўтмайдиган Сетьен танланди? Нега унинг қўрқоқларча, “Реал” қаердадир қоқилади”, дейишига нисбатан чора кўрилмади. Бу каби даражадаги клублар бошқа жамоаларнинг натижаларига эътибор бериши керакмаслигини Сетьен қаердан билсин?! Ахир, у ўртамиёна жамоалар фалсафасини ўзида мужассам этган мутахассис ҳисобланади.

Месси
Бугун эса “Барселона” рамзи жамоани тарк этиш тўғрисида ўйлаб қолди. Ҳар куни у ҳақида ўнлаб, юзлаб хабарларни ўқимоқдамиз. Лео руҳият футболчиси, балки бу гаплар ҳақиқатдир. Аммо у кўп бора кетиш ҳақида ўйлаганини биламиз. Аргентинадан ҳам кетганини эълон қилгач, қайтганди. Барчаси Куманга боғлиқ. “Барса” энди гардкамига ўйнашга мажбур. Келгуси йилда ҳам муваффақиятсиз мавсум ўтказган тақдирда Месси эркин агент сифатида жамоани тарк этади.
2021 йилнинг 15 мартида бўладиган сайловлардан сўнг, клубга бошқа президент сайланиши аниқ. Ундан бутун футбол жамоатчилиги қаторида Мессини ҳурмат билан фаолиятини якунлаб қўйишига шароит яратиши ва футбол грандлари қаторидан “Барселона” номини ўчиб кетишига йўл қўймаслигини кутиб қоламиз.


Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!