Чироқчида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда

Бугун 4 май куни  Чироқчи туман спорт мактабида белбоғли кураш бўйича 2011-2013 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати беллашувларига старт берилди.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик тақвим-режасидаги мазкур мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 300 нафардан ортиқ ёш полвонлар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишида ўз вазн тоифаларига кўра ғолиблик учун кураш тушишмоқда.  
Таъкидлаш жоиз, Чироқчи туман ҳокимлиги, Қашқадарё вилоят спорт бошқармаси, вилоят белбоғли кураш федерацияси,  туман спорт мактаби томонидан мазкур мусобақанинг кўтаринки руҳда ўтиши учун юқори даражада тайёргарлик кўрилган. Ўзбекистон чемпионатида дастлаб, мусобоқанинг тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Очилиш маросимида сўз олган Чироқчи туман ҳокими Файзулла Юсупов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров ҳамда вилоят белбоғли кураш федерацияси раиси Фарҳод Жумановлар  мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, миллий спорт турларимизга қаратилаётган юксак эътибор хусусида таъкидлаб, мусобақа иштирокчиларига омад тилашди.
Шундан сўнг мусобақа регламентига мувофиқ, ўғил болалар белбоғли курашнинг классик йўналишида 13 та вазн тоифасида, қизлар эса эркин  йўналишда 9 та вазн тоифасида беллашувларга киришди
Мусобақа 6 майгача давом этади.  
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!