Чиройли ўйин ва чиройли ғалаба

9 июнь. Андижон. «Соғлом авлод» стадиони.

Ўзбекистон ОТЖ - Миср ОТЖ - 2:0 (1:0) 

Голлар: Бобир Абдихолиқов, 32 - 1:0. Азиз Ғаниев, 90+2 - 2:0.

Ҳакамлар: Т.Тўхтасинов, А.Маражабов, З.Абдураҳмонов.

Ўзбекистон: Умид Эргашев, Ислом Қобилов, Абдулла Абдуллаев, Дилшод Саитов, Нурилло Тўхтасинов (Ойбек Бозоров, 85), Бобир Абдуҳолиқов (Шароф Муҳитдинов, 74), Миржаҳон Мираҳмадов (Шоҳруҳ Абдураҳмонов, 90+1), Ойбек Рустамов (Азиз Ғаниев, 62), Илҳом Алижонов, Ҳусниддин Ғофуров, Санжар Қодирқулов (Асад Собиржонов, 90+3)

Миср: Салаҳ Омар, Жалал Осама (Реда Шериф, 46), Абдул Салом Муҳаммад, Собир Маҳмуд, Моҳир Носир (Ҳамди Аҳмад, 68), Муҳаммад Мустафо (Манси Носир, 77), Тавфиқ Акром, Рамазон Аҳмад, Собир Муҳаммад (Айман Аҳмад, 82), Ҳамди Аммар (Холид Омар, 90+1), Ашур Имом (Ёсир Аҳмад, 46).

Огоҳлантиришлар: Илҳом Алижонов 70, Миржаҳон Мираҳмадов 88. Абдул Салом Муҳаммад, 88. Ҳамди Аҳмад, 90+2. Шоҳруҳ Абдураҳмонов, 90+3.

Олдиндан кутилганидек, 9 июнь куни Андижонда яна катта футбол байрами уюштирилди. Чунки мухлислар Ўзбекистон ва Миср олимпия терма жамоалари ўртасидаги халқаро даражадаги ўртоқлик учрашувини катта қизиқиш билан кутаётгандилар. Ўтган йилнинг март ойида ҳам олимпия терма жамоамиз Андижондаги «Соғлом авлод» стадионида Кения олимпия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказганди ва ўшанда ҳам маҳаллий мухлислар учун чинакам байрамга айланиб кетганди. Шу сабабли навбатдаги халқаро ўртоқлик учрашувига бўлган қизиқиш ҳам мухлислар орасида катта бўлди. Кутилганидек, «Соғлом авлод» стадионида мухлислар томонидан ажойиб муҳит яратилди. Ўйин ҳам шунга яраша қизиқарли курашлар остида кечди.

Мисрлик футболчилар жисмонан бақувват эканлиги билан ажралиб туришган бўлса, бизнинг йигитлар тактик томондан яхши таассурот қолдиришди. Учрашувда дастлабки киритилган гол ҳам айнан тактик томондан жуда яхши ишланди дейиш мумкин. Боиси рақиблар дарвозамиз олдида хавфли ҳужум уюштиришди ва буни ҳимоячиларимиз бартараф этилгани заҳоти вакилларимиз тезкор қарши ҳужумга ўтиб кетишди. Натижада қанотданг узатилган тўп Бобур Абдуҳолиқовга келиб тушган ҳолда «Насаф» ҳужумчиси жарима майдони ичида осонлик билан гол уриб ҳисобни очди. Миср терма жамоаси иккинчи бўлимда янада фаол ҳаракат қилди. Тан олиш керакки, дарвозамиз олдида хавли вазиятларни кўпроқ содир этди. Аммо дарвозабонимиз Умид Эргашев маҳоратини кўрсатиб, бир неча бор муқаррар голлардан сақлаб қолди. Меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш учун бутун жамоа бўлиб ҳужумга ўтиб кетишди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса вакилларимиз яна тезкор қарши ҳужумга ўтишди. Лекин жарима майдони ичида қўполлик ишлатилгач, захирадан майдонга тушган Азиз Ғаниев стандартдан ажойиб гол уриб ўйинга якуний нуқтани қўйди. Бир сўз билан айтганда, ушбу ўйинга чиройли ўйин ва чиройли ғалаба дея таъриф бериш мумкин.

Учрашувдан кейин ташкилотчилар ҳар иккала жамоа мураббийларига эсдалик совғаларини топширишди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси эса ўз ғалабасини мухлислар билан бирга нишонлади. Энди ушбу жамоаларнинг иккинчи ўйини 11 июнь куни Наманганда бўлиб ўтади.

Шавқий Ғариб: «Рақиб дарвозабони ажойиб ўйин кўрсатди»

Учрашувдан кейин матбуот анжумани ўтказилди ва унда дастлаб мемҳонлар иштирок этишди. Миср олимпия терма жамоаси бош мураббийи Шавқий Ғарибга Миср футбол федерациясининг бошқарув кенгаши раиси Карам Курдий Абдул Фаттоҳ ҳамроҳлик қилди.

- Дастлаб учрашув ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Биз бугунги учрашувдан жуда хурсандмиз. Ушбу ўйинни ўтказиш учун тайёргарлик ҳам бошқача кўрилган. Стадионга тўпланган минглаб мухлисларнинг ажойиб муҳитни яратишганидан қойил қолдим. Айниқса, улар нафақат Ўзбекистон, балки Миср терма жамоасига ҳам ҳурмат кўрсатишди. Уларнинг бундай юксак маданиятини қадрлаймиз. Ўйиндан кейин эса бизга ташкилотчилар ажойиб совғаларни беришгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Иккала таймларда ҳам жамоалар яхши ўйин кўрсатишди. Тўғри, биз 2:0 ҳисобида ютқаздик. Аммо мухлислар чиройли ўйинга гувоҳ бўлишди. Биз бундан кейин ҳам Ўзбекистонга қарши ўйнашга тайёрмиз.

- Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сизда қандай таассурот қолдирди? Ўйингача қандай фикрда эдингиз ва энди фикрингиз ўзгардими?

- Бунгача ҳам Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳақида илиқ фикрда эдим ва ҳозир ҳам. Айниқса, бугунги учрашувда рақиб жамоанинг дарвозабони ажойиб ўйин намойиш этди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон терма жамоасига қойил қолдим. Биз яхши биламизки, бу жамоа Осиё чемпиони бўлган. Шундай экан, бундай жамоа ҳақида фақат илиқ фикрларни айтишим мумкин.

Карам Курдий Абдул Фаттоҳ: «Купер Ўзбекистонни мундиалга олиб чиқишга қодир»

- Миср футболи деганда барибир «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ кўз олдимизга келади. Олимпия терма жамоасида Салоҳ каби бўлажак юлдуз футболчиларни кўришимиз мумкинми?

- Муҳаммад Салоҳ мисрлик ва бизнинг футболчимиз бўлганидан жуда фахрланамиз. У ўз меҳнатларига яраша бугунги кунда Европанинг кучли клубларидан бирида тўп суряпти. Албатта, футболимизни ривожлантиришда давом этяпмиз ва бундан кейин ҳам Муҳаммад Салоҳ каби ўйинчиларни етиштиришга ҳаракат қиламиз. Бу борада бизда иқтидорли футболчилар кўп.

- Айни пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлиб ишлаётган Эктор Купер Миср футболи тарихидан жой олган. У мисрликларни узоқ йиллик танаффусдан кейин жаҳон чемпионатига олиб чиқа олган. Айтинг-чи, Купер ҳақида фикрингиз қандай? Унинг бошчилигида Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишонасизми?

- Жаноб Купер дунёдаги топ-мураббийлар қаторида туради. Бизни бу мураббийни жуда ҳурмат қиламиз. Эктор Купер Мисрда ишлаб футбол даражасини анча кучайтирди. Албатта, у Ўзбекистонда ҳам футбол даражасини кўтаришга қодир. Мен бунга ишонаман. Қолаверса, Купер Мисрда ишлаганила Салоҳнинг юксалишига ҳам катта туртки берган. Унинг яхши мутахассис эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ўзбекистон терма жамоасини 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқишга қурби етади. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, мураббийнинг ўйлаган режаларини амалга ошиши учун вақт керак. Айниқса, яхши ўйинчиларни танлаб, улар билан керак бўлса 24 соат шуғулланиши лозим. Фақат катта мақсадларга эришиш аста-секинлик билан бўлади. Бунинг учун эса сабр қилиш керак. Эктор Купер Мисрда ҳам дарҳол натижа кўрсатмаган. Бизда ҳам ўйлаган режаларини аста-секинлик билан амалга ошира олган.

- Ўзбекистон ҳамда Миср олимпия терма жамоалари иштирокидаги ўртоқлик учрашувининг ўтказилишини ижобий баҳолаймиз. Айтинг-чи, яқин келажакда Ўзбекистон билан Миср миллий терма жамоалари ўртасида ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказилиши борасидаги имкониятларни қандай баҳолайсиз?

- Бу ўйин бўлиши мумкин. Ўзбекистон билан Миср бу масалада ўзаро келишиб ўйин ташкил қилса бўлади.

Любинко Друлович: «Футболчиларимнинг тактик томондан кўрсатган ўйини менга ёқди»

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси устози Любинко Друлович иштирок этди.

- Бугун биз тактик томондан жуда яхши ўйнадик, - дея гап бошлади, Друлович. - Бунга қадар Миср терма жамоасининг ўйинини синчиклаб ўрганиб чиққандик. Ўйлайманки, шу ҳам учрашувни фойдамизга ҳал қилишда қўл келди. Футболчиларимиз ҳимоядан ҳужумга жуда яхши ўтишди. Биз буни машғулотда иложи борича яхшироқ ўзлаштиришга ҳаракат қилганмиз. Бугунги ўйинни фойдамизга ҳал қилишда андижонлик ишқибозларнинг далдаси катта ёрдам берганлигини алоҳида таъкидлашим керак. Барча ишқибозларга ва журналистларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бугунги ютуқ барчамизники.

- Бугунги учрашувда сизга нима ёқди ва нима ёқмади?

- Таркибимизда жароҳатланган футболчилар борлигини ҳис этган ҳолда учрашувга тайёргарлик кўрдик. Шу сабабли футболчиларни беллашувга тайёрлашда бироз қийин вазият юзага келди. Айниқса, анчадан бери ўйин амалиётисиз қолган Азиз Ғаниевни айтишим мумкин. Яна шуни айтишим керакки, жамоани қайта оёққа турғазиш осон бўлмайди. Чунки орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ушбу рақибга қарши навбатдаги ўйинни ўтказамиз. Асосийси, бугун футболчиларимиз яхши ўйнашди. Хусусан, дарвозабонимиз Умид Эргашевни алоҳида кўрсатишим ўтишим керак. Футболчиларимизнинг тактик томондан яхши ўйин кўрсатишгани менга ёқди. Захирадан майдонга тушганлар ҳам ўйинга яхши қўшила олдилар.

- Бугунги ўйиндан келиб чиққан ҳолда Намангандаги учрашувда қандай ўзгаришларга қўл урмоқчисиз?

- Шак-шубҳасиз навбатдаги учрашув учун таркибда ўзгаришлар бўлади. Чунки қисқа фурсат оралиғида футболчилардаги чарчоқни бартараф этишнинг иложи йўқ. Таркибимизда ўзгариш бўлиши аниқ. Ким яхшироқ ҳолатда бўлса, навбатдаги ўйинда майдонга тушади.

Азиз Ғаниев: «Ўйиндан олдин мураббийимиз гол уришимни айтганди»

Шунингдек, учрашувда иккинчи гол муаллифига айланган Азиз Ғаниев ҳам ўйин ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Азизбек, ғалаба билан табриклаймиз. Ўйиндан қандай таассуротлар олдингиз?

- Биз бу учрашувга жамоамиз билан жуда яхши тайёргарлик кўргандик. Ўйиндан олдин Миср терма жамоасининг ўйинларини кўриб, таҳлил қилган ҳолда рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини ўрганиб чиққандик. Натижада мураббийимизнинг кўрсатмаларини бажаришга ҳаракат қилдик. Бугун жамоавий ўйин эвазига ғалаба қозондик деб ўйлайман.

- Иккинчи бўлимда захирадан майдонга тушдингиз ва ўйин охирларида жарима зарбасидан гол урдингиз. Ўша вазиятда гол уришингизни сезганмидингиз?

- Албатта, гол бўлишига ишончим комил эди. Ўйиндан бир кун олдинги машғулотларимизда ҳам шунга ўхшаш стандарт вазиятлардан голлар ургандим. Ўшанда мураббийимиз ҳам менга, «сен эртага гол урасан», деб айтганди. Қисқаси, менда гол уриш учун ишонч бор эди.

- Миср сизда қандай таассурот қолдирди?

- Рақибимиз ажойиб жамоа экан. Албатта, бугун уларг қарши қийин ўйинни ўтказдик. Иккинчи учрашувда ҳам уларга қарши янада яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

- Стадиондаги муҳит ҳақида нима дейсиз?

- Ҳаммаси ажойиб кўринишда бўлди. Мухлисларга бизни бошидан охиригача қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорчилик билдираман. Бизни яхши кутиб олиб, яхши шароитларни яратиб бергани учун ташкилотчиларга ҳам раҳмат айтаман.

- Сиз оғир жароҳат туфайли анча вақт футбол ўйнай олмадингиз. Ўша пайтларда тушкунликка берилмадингизми?

- Албатта, жароҳат туфайли майдондан ташқарида бўлиб қолдим. Лекин жароҳат ҳам футболнинг бир қисми. Лекин мана шундай пайтда менга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлаган барча катта раҳмат айтмоқчиман. Худога шукрки, жароҳатдан ҳеч қандай асорат қолмади. Бундан буёғига фақат олдинга ҳаракат қиламиз.

- Жароҳат туфайли кўп нарса йўқотдим деб ўйламайсизми? Боиси, ўша пайтларда сизда легионер мақомига айланиш учун олдингизда яхши имкониятлар бор эди…

- Ҳали ёшман ва ҳаммаси мен учун олдинда. Ҳеч нима йўқотмадим деб ўйлайман.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
darwesh
10/06/2019 22:10
Ганиев миллий термада хам йуколиб кетмаса керак. Купер шу футболчига эътибор ва имкон бериши керак.