Даҳо, профессионал ва дунё футболининг ҳақиқий жавоҳири

Оркестрнинг "репетицияси"

Ўтган асрнинг 80 йилларида Франция Европа чемпионати олтин медалини қўлга киритганди. Таркибда Мишель Платини тўп сурар эди. Кейинги шоҳсупага чиқиш учун эса 14 йил кутишга тўғри келди. Ўша 1984 дан 1998 йилгача бўлган даврда Франция дирижорлар ансамблини тайёрлагандек, итеъдодли футболчилар авлодини тарбиялади. Улар ичида Зидан ҳам бор эди. Платини ва Зидан. Ҳалигача бу икки футболчидан қайси бири зўр эканлиги ҳақида баҳс кетади. Қайси бири Миллий футболга кўпроқ фойда келтиргани борасида баҳс-мунозаралар тугамайди. Уларнинг солиштирилиши Маркс ва Энгелс таққосланишини ёдга солади. Тарозининг катта палласи Платини томонни босишига сабаб, унинг ҳисобида 3 та “Олтин тўп” борлиги. Лекин Зидан халққа яқинроқлиги учун уни ҳамма ҳурмат қилади.

Иккаласи ҳам шарафли кетишга эришди. Иккаласи ҳам яна анча пайт майдонда мўжизалар содир этиши мумкин эди. Зидан қандай кетди? Унинг Матерацци билан боғлиқ вазияти кўпчиликнинг ёдида қолган. Бундай ҳолатни, Жаҳон чемпионати финалида бўлгани, ҳал қилувчи паллалар пайтида бўлгани учун ҳам Зиданни ҳеч ким кечирмаса керак деб ҳисоблашганди. Лекин уни қаҳрамон дея аташди. Энг муҳими уни тушунишди. Зиданнинг Матерацци кўкрагига боши билан зарба бергани анча пайт шов-шувга айланди. Аммо бунда Зиданни ҳеч ким айбламади.

2006 йил 9 июл санасида Зидан футболчилик фаолиятини якунлади. 1993 йил 18 сентабрда эса футболдаги илк қадамларини қўяётган эди. Ўшанда у “Бордо” футболчиси эди.

Ўша санада “Бордо” ўртоқлик ўйини ўтказаётганди. 36 дақиқада Зидан ўз агрессиясини намойиш этади. Ҳакам қизил карточка бериб, уни майдондан чиқиб кетишини талаб қилади. Франция махсус комиссияси КДК Зиданни 10 та ўйинга дисквалификация қилади. Кейинроқ Зинедин бу ҳақида: “Мен адолатсизликни ёмон кўраман, мен зарбаларни қабул қиламан, индамайман. Аммо шундай лаҳза келадики, мен ўзимни тутиб туролмайман. Шунчаки “портлайман”. Мен Марсельнинг четроқ ҳудудиданман. У ерда тортишувлар деярли бўлмайди. Аммо кимдир сени устингдан кулса, сен унга индамай жим қараб туролмайсан.”

Вертикал реаллик

Ўша пайтларда Зидан машҳур эмасди. Аммо кейинчалик машҳурлик зинасидан чиқа бошлади. Уни “Ювентус” сотиб олди. Зидан “Юве” сафида 2 та скудетто (1997 ва 1998) ютади. Олдинда уни асосий мақсади кутаётган эди.

Мишель Платини, ундан олдинроқ ўйнаган Раймон Копалар бу мақсадга эриша олишмаган. Жаҳоннинг асосий кубоги бўлган – Жаҳон чемпионати кубогини қўлга киритиш Зидан ва унинг жамоадошларига насиб этди.

1998 йилги Жаҳон чемпионати финалида Бразилия 3:0 ҳисобида тор-мор келтирилди. Финалда 2 та гол урган Зидан ўша ўйин қаҳрамонига айланди. Ундан олдинроқ эса у “Олтин тўп”ни ҳам қўлга киритган эди.

Франция ва унинг энг яхши футболчисининг ҳукмронлиги 2 йил ўтиб ҳам давом этарди. Голландиянинг Роттердам шаҳрида бўлаётган Евро-2000 финалида 94 дақиқада ҳисобни тенглаштириб, қўшимча таймларга олиб боришди ўйинни. Қўшимча таймларда Италияни мағлуб этишди.

Ўша пайтларда, “Ювентус”да ҳам Франция терма жамоасида ҳам унинг юлдузли онлари давом этаётганди. Аммо бир йил ўтиб, фаолиятида ўзгариш қилишни истаб қолди. Туринликлар билан 2005 йилга қадар шартномаси бўлса-да, “Реал”нинг таклифини рад эта олмади. “Юве” ўша пайтларда энг супер жамоалардан эди. Лекин бошқа супер жамоалар ҳам йўқ эмасди.

Зидан Испанияда!

“Реал”ни бекорга 2000 йилларда “Галлактикос” деб аташмаган. Перес раҳбарликка келгандан сўнг, жамоага юлдуз футболчиларни йиға бошлади. Биринчи Фигу сотиб олинди. Асосий рақиб жамоадан футболчини олиш учун 71 млн евродан воз кечишга тўғри келганди. Бир йилдан сўнг эса Зиданга 75 млн тўланди. Ўша вақтда “Ювентус”га бу нархни фақатгина “Реал” таклиф қила оларди. Кейинчалик эса, Роналдо. Бекхэм, Оуен каби юлдузлар сотиб олинди. Раул, Роберто Карлос ва Касильяслар аллақачон жамоада эди.

Қанчалик юлдузларни жамоага йиғмасин, Переснинг 2000-2006 йилги биринчи даври мақтангулик даражада бўлмади. Бу вақт оралиғида 2 марта Испания чемпионлиги (2001,2003) ва 1 марта Чемпионлар лигаси (2002) қўлга киритилди. Бу ғалабаларда қаҳрамонимиз катта ҳиссасини қўшган. Айниқса, Чемпионлар лигаси финалида “Байер” дарвозасига ажойиб гол урганди.

"Калла қўйилган" кубок!

Аста-секинлик билан Франция Зиданга боғланиб қолгани сезилиб қолди. 2002 йилги мундиалдан олдин Зизу жароҳат олди. Гуруҳ босқичини Франция усиз бошлашига тўғри келди. Биринчи ўйинда Сенегалга сенсатсион тарзда ютқазиб қўйди. Кейинги ўйинда эса Уругвай билан дурранг ўйнади. Ҳал қилувчи ўйинда Зидан укол ёрдамида майдонга тушишга мажбур бўлди. Гарчи Дания устидан ғалаба қозонишган бўлса-да, гуруҳ босқичида ҳаммаси ҳал бўлиб, Франция ўз юришини тўхтатишга мажбур бўлганди.

Зидан Франция термасини бир ўзи олдинга тортаётгандек таассурот қолдирди. Орадан 4 йил ўтиб 2006 йилги мундиалда Францияни финалгача олиб чиқди. Аммо финалдаги Матерацци билан боғлиқ вазият туфайли майдонни эрта тарк этишга мажбур бўлганди.

Ҳозирда Зидан футболчилик фаолиятидаги сингари, мураббийлик фаолиятида ҳам муваффақиятга эришяпти. “Реал” билан кетма-кет 3 марта Чемпионлар лигасида зафар қучди.

Зизу футбол оламининг ҳақиқий жавоҳири.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!