Дарвозабондан ҳужумчигача ёхуд Суперлиганинг охирги турида энг яхшилар кимлар?
Суперлиганинг сўнгги тури бир кунда ўтказилди ва унда турли хил натижалар кузатилди. Хўш, чемпионатнинг охирги учрашувларида қайси футболчилар қаҳрамонлик кўрсатишди? Қуйида шу хусусида сўз юритамиз.
“Қизилқум” – “Турон” – 1:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Артём Макосин
Ҳеч нимани ҳал қилмайдиган учрашувда “Қизилқум” “Турон”ни 1:0 ҳисобида енгди. Охирги тургача навоийликлар 12-ўринни эгаллаши ва лигада қолиш учун плей-оффда майдонга тушиши аниқ бўлиб улгурганди. “Турон” эса про лигага равона бўлганини биласиз. Охирги баҳсда эса навоийликлар посбони Артём Макосин ўзига берилган имкониятдан фойдаланган ҳолда ўзини кўрсатиб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
“Сўғдиёна” – “Сурхон” – 0:2. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Силванус Нимели
Сўнгги турда “Сурхон” Жиззахда майдон эгалари дарвозасига жавобсиз 2 та гол урган ҳолда мағлубиятга учратди. Учрашувда иккинчи гол муаллифига айланган Силванус Нимели беллашувнинг энг яхши футболчисига айланди ва тўпурарлар орасида 12 та гол билан пешқадамлар сафидан жой олди. “Сурхон” эса ушбу ғалаба туфайли чемпионатни 6-ўринда якунлади.
“Андижон” – “Бухоро” – 1:0. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Сардор Абдунабиев
“Бургутлар” охирги турда “Бобур Арена”да томошабинларсиз ўтказган ўйинида ягона гол эвазига ғалаба қозонди. Иқтидорли ярим ҳимоячи Сардор Абдунабиев якунда қаҳрамонга айланди. Чунки унинг голи “Андижон”га мавсумдаги охирги учрашувдаги охирги ғалабани келтирди.
“Металлург” – “Олимпик” – 2:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Хусниддин Ғофуров
Бекободнинг “Металлург” клуби “Олимпик”ни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Хусниддин Ғофуров бу учрашув қаҳрамонига айланди. Боиси, футболчи Кападзе жамоаси дарвозасига иккита гол урди ва “Металлург”нинг ғалабасига катта ҳисса қўшди.
ОКМК – “Насаф” – 1:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Валижон Раҳимов
Яқинда Ўзбекистон Кубоги финалида ОКМКни мағлубиятга учратиб муваффақиятга эришган “Насаф” чемпионатнинг охирги турида Олмалиқда ОКМКга қарши майдонга тушди. Кучлар тенг келган баҳсда ОКМК дарвозабони Валижон Раҳимов энг яхшиси деб топилди ва бунга унинг сейвлари, маҳорати сабаб.
“Пахтакор” – “Бунёдкор” – 2:3. Учрашувнинг энг яхши футболчиси Шохруҳ Абдураҳмонов
Тошкент дербисида “Бунёдкор” “Пахтакор” майдонида чемпионни мағлуб этишни уддасидан чиқди. 5 та гол урилган учрашув албатта қизиқарли кечди. “Бунёдкор” сафида Шохруҳ Абдураҳмонов фаоллиги билан ажралиб турди. Гол ургани ва голларда иштирок этгани ҳам жамоасига ғалабани тақдим этишда муҳим ролни бажарди. Натижада Шохруҳ мавсумдаги охирги баҳсда энг яхши футболчига айланди.
“Навбаҳор” – “Нефтчи” – 1:1. Учрашувнинг энг яхши футболчиси: Остон Ўрунов
Водий дербисида Остон Ўрунов ўйинни “ёндирди”. У ҳақида учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “Нефтчи” бош мураббийи Виталий Левченко алоҳида эътироф этди. “Навбаҳор” биринчи бўлимдан сўнг ютқазаётганди, иккинчи бўлимда мувозанатни тиклай олди. Аммо ғалаба иккала клубга ҳам насиб қилмади. Ўрунов эса доимгидек ўз даражасида ўйнади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар