Дастан Сатпаев қачон қайтиши аниқ бўлди
Қозоғистонлик ҳужумчи Дастан Сатпаев халқаро танаффусдан сўнг яна «Бёрнли» сафига қайтиши мумкин. Бу ҳақда Turfcast нашри ўз манбасига таяниб хабар бермоқда.
«Никки Хайеннинг сўзларига кўра, Жош Каллен, Дастан Сатпаев ва Жейдон Банел яқинлашиб келаётган халқаро танаффусдан кейин жароҳатларидан тузалиб, майдонга қайтиши мумкин», — дея қайд этилган Turfcast нашрининг инстаграм саҳифасида.
Нашр эслатишича, халқаро танаффус 5 октябрда старт олади ва 14 октябрда якунланади. Шу кунлар орасида терма жамоалар Миллатлар лигаси учрашувларини ўтказади. Шунингдек, футболчилар ўз клубларига қайтиб, Чемпионшипнинг навбатдаги турига тайёргарлик кўради.
Чемпионшип баҳслари 16 октябрда қайта тикланади. Ўша куни «Бёрнли» ўз майдони — «Терф Мур» стадионида «Вулверхэмптон Уондерерс» жамоасини қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, Сатпаев 2 сентябрь куни «Мидлсбро»га қарши Англия Чемпионшипи учрашувида (1:1) ўйин ўртасида оёқ ости пайи жароҳатини олган эди. Лондоннинг «Челси» клубидан ижара асосида ўйнаётган 18 ёшли форвард ўша баҳснинг энг яхши футболчиси деб топилган, бироқ 81-дақиқада сон орқа қисмидаги оғриқ сабаб майдонни тарк этишга мажбур бўлган.
Ушбу жароҳат туфайли Сатпаев тикланиш жараёнини «Челси» клуби базасида ўтказмоқда.

Фикрлар