Давид Райя: "Жамоавий бирлик "Арсенал" учун ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин"

Лондоннинг "Арсенал" клуби дарвозабони Давид Райя жамоадаги ижобий муҳит мавсумни муваффақиятли якунлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Жамоамиз жуда аҳил. Биз сўзнинг тўғри маъносида дўстлармиз ва шу билан бирга майдонда елкама-елка курашадиган шериклармиз. Бу нафақат футболда, балки майдон ташқарисида ҳам ҳаётни енгиллаштиради. Футболдан ташқари пайтда ҳам исталган жамоадошинг билан бирга вақт ўтказишинг мумкин. Менимча, бу бизнинг ечиниш хонамиздаги энг муҳим жиҳат, – деди Райя.

Дарвозабоннинг сўзларига кўра, у аввал Блэкберн Роверс ҳамда "Брентфорд" клубларида ҳам ажойиб муҳитни кўрган. Бироқ "Арсенал"даги ҳолат ўзига хос.

Бу ерда турли миллат вакиллари жамлангани ва ўзаро муносабатларимиз алоҳида аҳамиятга эга. Жамоа ичида гуруҳларга бўлиниш ёки ажралиш сезилмайди. Албатта, мен кўпроқ испан тилида сўзлашадиган футболчилар билан мулоқот қиламан, аммо барча билан умумий тил топиш мумкин. Бу ерда қандайдир ўзига хослик бор. Ўйлайманки, бу бош мураббий ва унинг штаби яратган муҳит самарасидир. Биз нафақат бир-биримиз билан, балки мураббийлар штаби билан ҳам яхши муносабатдамиз, – дея қўшимча қилди у.

Райянинг фикрича, жамоавий бирлик мавсум якунида ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин.

– Бу жуда муҳим жиҳат. Биргаликда мақсадларимизга эришиш ва мавсумни тарихий қилиш ажойиб бўларди. Биз футболни айнан шунинг учун ўйнаймиз, "Арсенал" шарафини ҳимоя қиламиз. Бу ерга келган ҳар бир футболчи соврин ютиш, алоҳида ютуқларга эришиш ва мухлисларни қувонтиришни истайди. Бу бизнинг учун ҳақиқатан ҳам катта аҳамиятга эга, – деди дарвозабон.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!