Даврон Файзиев 6 та гол урилган водий дербисидан сўнг: "Бу ўйиндан мухлислар ютди"
Водий дербиси номи остида ўтган “Қўқон-1912” – “Нефтчи” (3:3) ўртасидаги баҳсдан кейин қўқонликлар устози Даврон Файзиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Бугунги ўйин дерби мақомида ўтди. Бундан иккала жамоанинг мухлислари ютди, деб ўйлайман. Учрашув қизиқарли, шиддатли ва голларга бой руҳда ўтди. Футбол хатодан иборат. Умумий оладиган бўлсак, бугунги учрашувда ғалаба қозонишимиз шарт эди. Турнир жадвалидан келиб чиқадиган бўлсак, ўйлайманки, натижа иккала жамоани ҳам қониқтиргани йўқ. Қувонтирадигани шуки, учта ҳужумчимиз учта гол урди. Ҳимоядаги хатоларимиз биз учун қимматга тушди. Ҳар икки жамоани яхши тайёргарлик кўргани баҳс давомида кўриниб турди. Яна хатолар устида ишлашда давом этамиз. Хиссиётларга бой ўйин бўлди. Ҳали қиладиган ишимиз кўп, хатоларимиз кўп. Тўғриси, бирор нима дейишга ҳам ожизман. Хиссиёт жамоалар учун қувончга тўла бўлди.
- Жамоа етакчилари – Мурод Холмуҳаммедов ва Жавоҳир Сидиқов ўйинида пасайиш кузатиляпти. Бу ҳақида нима дейсиз?
- Футболда ҳар доим ютганда жамоа ютади, ютқазганда мураббий ютқазади. Сидиқов ёки Холмуҳаммедовни айблаш нотўғри. Жамоадаги ҳаммани айбдор деб ҳисоблайман. Уларни ўйини пасайди, деб айта олмайман. Жуда яхши машғулотлар олиб борилди. Футболда бўлиб турадиган ҳолат бу хато. Кимдир хато қилади, кимдир бундан фойдаланади. Демак, биз бугун хато қилдик.
- Жамоангиз иккинчи гол киритгач, учинчи голни ҳам ура олганида балки ютган бўларди. Бунга фикрингиз қандай?
- Якуний натижага қарасак, мағлубиятга учраб туриб 3:3 қилганимиздан қониқдим дейишим мумкин. Аммо 2:1 ҳисобида ютаётган пайтимизни ҳисобга олсак, қониққаним йўқ. Чунки иккита тезкор гол, бир киши кам жамоа, бу мураббий учун ёмон ҳолат. Йигитлар тушкунликка тушмасдан охиригача курашишди. Бизда яна гол уришга имкониятларимиз бўлди. Рақиб жамоа ҳам яхши ҳимояланиб, керакли натижа учун ҳаракат қилди. Фақат битта нарса – футбол 90 дақиқа ўйналади. Йигитлар ҳисобни 2:1 қилишгач, жуда хотиржамликка берилишди. Ўйиндаги катта хатоимиз шу бўлди.
- Ёзги трансфер ойнаси вақтида фақат иккита ўйинчи олинди холос. Бу молиявий имокният билан боғлиқми ёки...
- Бу саволни кутгандим. Агар шу савол берилса очиқ қолдирмоқчи эдим. Келинг, шу саволни очиқ қолдирайлик. Тўғриси, жавоб бера олмайман.
Фикрлар