Даврон Файзиев: Дебютант жамоа учун сафардаги ҳар бир очко олтинга тенг
Хабарингиз бор бундан бироз аввал Суперлиганинг 7-туридан ўрин олган “Андижон” ҳамда “Динамо” (2:2) учрашуви ўз якунига етди. Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар устози Даврон Файзиев ўзининг ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.
“Авваламбор бутун халқимизни кириб келган муборак Рамазон ойи билан табриклайман. Доимо юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, ўйинни жуда яхши бошладик. Шундан сўнг 20-25 дақиқа давомида ташаббусни рақибга бериб қўйдик. Кейин эса ўз хатоимиз билан 2та гол ўтказиб юбордик. Сафарда 2та гол уриб, ғалаба қозона олмаслик табиийки ҳар бир мураббийга алам қилади. Аммо, дебютант жамоа учун сафардаги ҳар бир очко олтинга тенг.
Авваламбор биз бугунги ўйинга ҳимояланиб, вақт чўзиб натижа кўрсатамиз деб келмагандик. Қолаверса, таркибда жароҳатлар ва карточкалар сабаб жиддий йўқотишлар мавжудлигига қарамай, яхши ўйин кўрсатганликлари учун йигитларга раҳмат айтаман.
Мавсум бошида таркиб Про-лигага мослаб йиғилганига қарамай, ушбу футболчилар ўзларига юклатилган вазифани бажариб келишмоқда. Бироқ, мен ҳар қандай натижадан қониқиш ҳосил қилмайман ва футболчиларга ўз хатоларини албатта айтаман.
Жамоада легионерларнинг йўқлигига сабаб, мен маҳаллий футболчиларга ишонаман. Хориждан қиммат маблағ эвазига футболчи олиб келгандан кўра, ўзимизнинг қора кўзларга имконият беришни хоҳлайман”, - дейди Файзиев.
Фикрлар