Даврон Файзиев: "Ортда қолган 8 ойни қандай ўтказганимни ўзим биламан"
Футбол мухлислари Даврон Файзиевни яхши билишади. Гап жиззахлик мураббий ҳақида кетмоқда. Камтар ва меҳнаткашлиги билан ном қозонган мутахассис охирги бор “Қўқон-1912” клубида бош мураббий сифатида фаолият олиб борди. Шундан кейин Файзиев маълум муддат футболда кўриниш бермади. Яқинда у ОКМК жамоасида иш бошлади. Бу ҳақида Sports.uz сайти орқали хабар бериб ўтгандик.
Ҳозирда бир қанча клубларимиз Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқдалар. ОКМК клуби ҳам шу ерда ва бехосдан Даврон Файзиевни учратиб қолдик. Шу баҳона мураббий билан бироз мулоқот қилдик. У футболдан ташқари ўтказган вақти, ОКМКга ўтиши каби масалаларда фикр билдирди.
“Қандай ўтганини айтиб ўтишим жоиз, барибир, - дея гап бошлади, мураббий. - Инсонни бошида яхши ва ёмон кунлар бўлиб туради. Шу тариқа, мен ортда қолган 8 ойни қандай ўтказганимни ўзим биламан. Чунки онам бетоб бўлиб ётиб қолганди. Шу асносида уйда фарзандлик бурчимни бажардим. Чемпионат ўйинларини кузатиб, жамоаларни таҳлил қилиб, ўзим учун керакли хулосаларни қилдим, уйда вақтимни бекорга ўтказганим йўқ. ОКМК клубига келсак, бош мураббий Миржалол Қосимов таклиф қилди. Жамоага ёрдам беришимни айтиб таклиф билан чиққанларидан кейин ҳеч иккиланмасдан розилик билдирдим. Ҳозирги кунда Олмалиқ жамоасида фаолият олиб боряпман. Ўйинлар таҳлилини ва ҳимоячилар билан ишлаб, ўз ишим, йўналишим ҳамда кўмагим билан қўлимдан келганича Миржалол акага ёрдам бериб келяпман.
Олдин ҳам айтганман: футболдан ташқарида бўлишни тасаввур қила олмайман. Ўзим суйган касбимга қайтганимдан хурсандман. Ишни ажратмайман. Бош мураббийлик ёки ёрдамчи мураббийлик, яна қайсидир лавозимда бўлиш мумкин, аммо мен ҳеч қачон ўзимни устун қўймаганман. Энг асосийси, севимли касбим билан шуғулланяпман.
Ҳаммасини ўзига яраша жавобгарлиги бор. Бош мураббийликда жавобгарлик катта, масъулият юқори. Ёрдамчи мураббийликда ҳам худди шундай. Бош мураббий талаб қилган нарсани барчасини ўз вақтида етказиб туриш керак. Қўлдан келганича жамоани ривожланиши ҳамда шаклланиши учун ёрдам беришингиз лозим бўлади. Охирги қарорни барибир бош мураббий чиқаради, буни ҳамма яхши билади. Муҳими, ҳозир футболдаман. Шуниси мени хурсанд қилади”, - деди Даврон Файзиев.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар