Дебют:"Қирол Артур"нинг юриши қай тарзда бошланган эди?
“Дебют” рукнининг бу галги “қаҳрамони” машҳур юртдошимиз Артур Григорян бўлади.
Артур мамлакатимиз профессионал бокси тарихига ўчмас, зарҳал ҳарфлар билан битилган чармқўлқоп устаси ҳисобланади. У профессионал фаолияти мобайнида 39 бор жанг ўтказиб, бир бора мағлубиятга учраган. Қолган барчасида ғалаба нашидасини суради. У енгил вазн тоифасида WBO чемпионлик камарини қўлга киритади ва уни узоқ йиллар мобайнида, яъни 17 бора ҳимоя қила олганди. Қолаверса, Ўзбекистонда профессионал бокс бўйича биринчи жаҳон чемпионлик камарини қўлга киритган чармқўлқоп устаси сифатида тарихга кирди.
Аслида, ушбу боксчимиз ҳаваскор боксда ҳам ёмон натижа қайдд этмаган. У 1990 йил АҚШда бўлиб ўтган “Яхши ният ўйинлари” турнирида ғолиб чиқади. Мазкур мусобақада у кейинчалик профессионал бокснинг уч вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган, афсонавий Шейн Мослини ҳам мағлубиятга учратган эди. 1991 йилги Сиднейда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида эса, кумуш медални қўлга киритади. Ва яна бир нечта турнирларда зафар қуча олганди.
Григорян профессионал фаолиятини деярли Германияда олиб борган. Жангларининг 35 тасини айнан шу мамлакатда ўтказади. 4 бора эса бошқа давлатда ўтказган. Тўғрироғи, 3 бора, Венгрия ва бир маротаба АҚШда рингга кўтарилади. Айнан, океан ортига саёҳат у учун омадсиз якунланади ва фаолиятидаги биринчи мағлубиятини бразилиялик Аселино Фрейтасдан қабул қилиб олади. Бу жанг 2004 йил 3 январда содир бўлган. Бу ҳамюртимиз профессионал фаолиятини бошлаганидан 10 йил ўтиб деганидир... Дарвоқеа, у олмон юртининг “Universum Box-Promotion” компанияси билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, у Германия заминида “Қирол Артур” номи билан ҳам машҳурликка эришганди.
Демак, у профессионал боксдаги илк қадамини 1994 йил 10 апрелда ўтказади. Унинг рақиби эса, АҚШлик Хуан Туббс бўлади. Қизиғи, ушбу чармқўлқоп устаси фаолияти мобайнида уч маротаба жанг ўтказган ва барчасида мағлубиятга учраган. Юртдошимиз билан эса, иккинчи жангида тўқнаш келган эди. Мазкур тўқнашувнинг иккинчи раундида Григорян рақибини техник нокаутга учратади ва профидаги муваффақиятли одимини шу тарзда бошлайди.
Фикрлар