Ди Мария 2021 йилда: “Ван Гал энг ёмон мураббий”
Жаҳон чемпионати чорак финал ўйини доирасида Аргентина термаси Нидерландия билан тўқнаш келади. Ушбу баҳс кўплаб дуэлларни келтириб чиқаради. Улар орасида Ди Мария ва Луи ван Гал қарама-қаршилиги ҳам бор.
2014 йилда “Манчестер Юнайтед” Ди Мария учун 75 миллион евро сарфлаб трансферни амалга оширди. Футболчи клубда кутилганидек ўйнаб кета олмади. У “қизил иблислар” таркибида бир мавсумда 32 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва 12 та ассист амалга оширди. Бунга сабабни ҳазил тариқасида унинг танлаган 7-рақамида деб ҳисоблашди. Ди Мариянинг ўзи бундай қарашларга жавоб ҳам берганди.
“Менинг Англиядаги ёмон мавсумимга сабаб рақам эмасди. У ердагилар бу ҳақида мен билан жуда кўп гаплашишди. Бу шунчаки футболка. “Манчестер Юнайтед”даги муаммом мураббий билан эди. Ван Гал фаолиятимдаги энг ёмон мутахассис. Мен битта ўйинда ҳам гол уриб, ҳам ассист амалга оширдим, лекин эртаси куни у менга пас беришдаги хатоларимни кўрсатарди”, - деганди Ди Мария 2021 йилда.
Жаҳон чемпионатида тақдир уларни яна бирлаштирди. Энди бир жамоа сафида эмас, балки рақиб сифатида майдонга тушади. Бундан ташқари, Нидерландияни Аргентинада алами бор. Бу икки терма жамоа 2014 йилги жаҳон чемпионатининг ярим финалида ҳам бир-бирига қарши ўйнаган. Ўшанда Месси ва унинг дўстлари пенальтилар сериясида ғалаба қозониб, финалга чиққанди.
Фикрлар