Дилшодбек Рўзметов АҚШда жанг қилади
Яримоғир вазн тоифасидаги боксчимиз Дилшодбек Рўзметов ўтган йили ноябрь ойида АҚШга жўнаб кетган эди.
Ўтган ярим йил давомида фақат машғулотлар билан чекланган чарм қўлқоп устамиз яқинда "Fight Game Advisors" промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаганди. Ниҳоят, унинг океан ортидаги илк жанги санаси ва манзили тасдиқланди.
Ҳаваскорлар ўртасида жаҳон чемпионатининг кумуш медали совриндори, Осиё чемпиони, Олимпия ўйинлари иштирокчиси бўлган Рўзметов 22 июнь куни АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида ташкил этиладиган проф бокс оқшомида рингга кўтарилади. Ҳозирча унинг рақиби расман маълум эмас.
Маълумот учун, 24 ёшли чарм қўлқоп устамиз 2021 йилнинг декабрь ойида профессионал боксда дебют қилган эди. Шундан сўнг у проф рингда 3 та жанг ўтказди ва барчасида ғалаба қозонди. Рўзметов ҳозирда Флорида штатининг Бока-Ратон шаҳрида Артём Кузминов ва Дерик Сантос билан биргаликда машғулот олиб бормоқда.
Манба: Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати
Фикрлар