"Динамо" стадионида таъмирлаш ишлари бошланди

"Динамо" жамоаси Суперлигага тайёргарликни Тошкентда олиб бораётган бир пайтда, клуб стадионида ҳам 2024 йилги мавсумга тараддуд ҳозирдан бошланган.

"Динамо" майдони чими сўнгги йилларда мамлакатимиздаги энг кўркамларидан бири бўлса-да, ПФЛ талабига биноан майдоннинг дренаж тизимини янгилаш ва замонавий ҳолатга келтириш режалаштирилган эди. Шунга кўра, 2011 йилги стадион реконструкциясидан кейин 12 йил фойдаланилган майдон чими олиниб, Самарқанд вилоят футбол академиясига топширилди.

"Динамо" майдонига тез орада янги чим ётқизилади. Майса ҳозирда бошқа жойда парваришланмоқда. Унгача майдоннинг дренаж тизими тўлиқ янгиланади. Шунингдек, стадиондаги бир қатор ўриндиқлар янгиланади.

"Динамо" ПФК бош директори Дилшод Шарофутдиновнинг маълум қилишича, жамоа Суперлига янги мавсумини Самарқандда мухлислари қаршисида бошлаши учун бор куч ва имконият ишга солинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!