"Динамо"нинг хорижлик мураббийлари истеъфога чиқарилди. Самарқандликларни ким бошқариши ҳам маълум
Бугун, 20 май куни «Динамо» ПФК қароргоҳида клуб раҳбарияти ҳамда жамоа иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Унда жамоанинг сўнгги турларда қайд этган қониқарсиз натижалари атрофлича муҳокама қилиниб, клуб бош мураббийи Предраг Роган билан дўстона хайрлашилгани маълум қилинди. Сербиялик мутахассис билан бирга унинг ёрдамчиси Иван Йевич билан ҳам ҳамкорлик тўхтатилди. «Динамо» ПФК ҳамда мураббийлар ўртасидаги шартнома икки томонлама бекор қилинди.
Клуб раҳбарияти қарорига кўра, «Динамо» жамоаси бош мураббийи этиб шу пайтга қадар клуб спорт директори лавозимида фаолият юритган Андрей Шипилов тайинланди. Андрей Сергеевич «Пахтакор» мураббийлар штаби ва «Металлург» клуби бош мураббийи сифатидаги фаолияти билан мухлисларга танилган.
Маълумот учун, «Динамо» Суперлига 10-тури доирасида 23 май куни ўз майдонида АГМК жамоасини қабул қилади.
Фикрлар