Диёр Имомхўжаев: Биз Осиё Англияси ёки Испанияси эмасмиз, бўлолмаймиз ҳам
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги саҳифасида клубларга бириктирилган ҳомийлар клубларга етарлича маблағни бермаётгани ва шу боис жамоаларда молиявий қийинчиликлар юзага келаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
"Чемпионат савияси тушиб кетиши учун, клубларда молиявий муаммолар бўлиши лозим. Улар ўзи билан ўзи овора бўлиб, сифат ҳақида ўйлай олмайди. Демак, ЎзПФЛ ёки умуман ЎФАга нисбатан ишончсизлик келтириб чиқаришнинг йўли бор — футбол клубларини пулдан сиқиб қўйиш.
Узоққа бормасдан, таҳминан 3-4 йил аввалги ҳолат билан бугунгисини солиштиришга ҳаракат қиламиз. Шунча йиллар олдин қуйидаги клубларнинг йиллик сметаси таҳминан шундай кўринишда бўлган:
#бунёдкор — 50 млрд сўм
#насаф — 40 млрд сўм
#бухоро — 25 млрд сўм
#машал — 20 млрд сўм
#шўртан — 18 млрд сўм
#нефтчи — 18 млрд сўм
Сўнгги икки йилда эса бу рақамлар қуйидагича ўзгарди:
#бунёдкор — 14 млрд сўм
#насаф — 13 млрд сўм
#бухоро — 13 млрд сўм
#машал — 8 млрд сўм
#нефтчи — 8 млрд сўм
#шўртан — 6 млрд сўм
Икки йил аввал айтилган 25 млрд бизнинг шароитда яхши клуб учун етарлича сумма. Бунинг ичида аёллар, футзал, сифатли академияларни шакллантириш мумкин. Бироқ клублар ҳозир мавсумдан мавсумга етиб олса катта гап. Мана шундай аҳволда ҳам юқоридаги клублардан айримлари футболчи ва мураббийлар олдидаги мажбуриятларини бажарди, бу ҳақда кеча ёзгандик. Мана энди ўйлаб кўринг, ўша йиллар давомида клублар нима қилди? Уларни ким назорат қилди? Пуллар қандай мақсадларда сарфланди? Ва ҳозир-чи? Биз бор-йўғи 6 клубни мисол тариқасида келтирдик. Шугина смета билан улардан академия талаб қиляпмиз, бечора клублар аёллар ва футзал жамоалари ҳам қилиши керак. Ҳокимиятлар вилоят ФА учун маблағ бериши ўлим билан баробар.
Клубларни шу қадар сиқиш эвазига ОЧЛда йўлланмаларимиз сони ошиши керакмиди? Чемпионлар лигасида тўп сураётган араб ва Шарқий Осиё жамоаларининг сметалари ҳақида эшитганмисиз? Улардаги 1 та кўрсаткич билан Суперлиганинг ярим клубини 1 йил боқиш мумкин. Мадомики шундай экан, ўша #эрудит газетасидаги фикрларимизни яна такрорлаймиз, биз Осиё Англияси ёки Испанияси эмасмиз, бўлолмаймиз ҳам. Биз Хорватия ёки Сербия бўлишдан уялмаслигимиз керак, кўрпамизга қараб оёқ узатишимиз мантиқлироқ. Аввал клублар 100 километрга 20 литр ёқилғи ишлатган бўлса, ҳозир 7-8 литр бериб, ОФК талабларидан ортда қолмаслик учун шу ёқилғи билан 130-140 км йўл босишни сўраяпмиз. Савол: балиқ қаеридан бошлаб оқсаяпти?
Яна бир йўли бор. Клублардан катта вазифа ва талабларни олиб ташлашимиз ва индамайгина ОФК кубоги даражасидаги футбол мамлакати бўлишимиз мумкин. Агар 10 йиллар давомида рисоладагидек назорат бўлганида, улар фақат ойлик-маошлар, кўтармалар, мукофотларга эмас, майдонлар қуриш, академиялар бунёд қилиш, умуман инфраструктурани ривожлантиришга йўналтирилганида эди, вазият ҳозир бошқача бўларди. Оддий мисол, #бухоро 25 млрдни йўқ қилиб (яна мавсумни 3-4 млрд қарз билан ёпиб) нимага эришди билмадим-у, айни вақтда клубнинг на тайинли базаси, на ўз майдони, академияси бор. Энди клуб бор-йўғи 12 млрд билан нима қура олади? Ким ўтган йиллардаги исрофгарчилик учун жавоб беради? ЎзПФЛ муаммолари тақвим тузиш, ўйинларни кўчирмасликдангина иборат эмас, аслида булар кучли журналист кўтарадиган мавзу ҳам эмас. Ҳақиқий муаммо футболга кираётган ҳавонинг қанчалик тўсиб қўйилганида.
Биз клублар хусусий бўлиши, давлат корхоналари уларни молиялаштирмаслиги керак деб ҳисоблаймиз. Аммо бунга ўн йиллар давомида босқичма-босқич келган маъқулроқ эди. Бу ҳақда ҳали батафсил тушунтириб ўтамиз, керак бўлса видео кўринишда, #соккер_клубсифат бирор нарса қилиб бўлса-да. Бироқ бизнинг айрим кишилар худди ўша 2015 йиллар каби ҳозир ҳам баъзи фикрларга тайёр деб ўйламайман", - деб ёзади Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар