Эрондаги легионерларимиз энди нима қилади?
Эрон ҳудудида олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар мамлакат футбол чемпионатининг тўхтатилишига олиб келди. Эрон Премьер-лигасида анъанавий равишда Марказий Осиё давлатларидан келган кўплаб легионерлар тўп суради ва ҳозирги инқироз минтақанинг бир нечта миллий терма жамоаси футболчиларига бевосита таъсир кўрсатди.
Хорижлик футболчиларнинг аксарияти аллақачон мамлакатни тарк этган, улар орасида Марказий Осиё давлатлари терма жамоалари аъзолари ҳам бор, жумладан Остон Ўрунов ва Рустам Ашурматов.
Эронда мавсум камида ёзгача қайта тикланмаслиги хавфи мавжуд ва хорижлик ўйинчилар бир неча ой давомида ўйин амалиётисиз қолиши мумкин.
Бундай вазиятда мантиқий савол туғилади: улар ҳатто вақтинча бўлса-да, фаолиятини қаерда давом эттириши мумкин?
Sports.uz портали бу масала бўйича Eurasia Football сайти илгари сурган эҳтимолий вариантларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.
Жорий мавсумда Эрон юқори дивизионида 24 иа мамлакатдан 42 легионер рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг саккиз нафари Марказий Осиё вакилларидир. Форслар чемпионатида энг кўп – 5 нафар легионер Ўзбекистондан. Остон Ўрунов ва Игорь Сергеев (иккаласи ҳам “Персеполис”), Рустам Ашурматов ва Жалолиддин Машарипов (иккаласи ҳам “Истиқлол”), Одил Ҳамробеков (“Трактор”) ўз жамоаларининг асосий ўйинчилари ҳисобланади. Шуниндек, тожикистонликлар Ваҳдат Ханонов “Сепахон”, Амадони Камолов “Гол Гохар”, қирғизистонлик Жоэл Кожо “Истиқлол” аъзосидир.
Бу футболчиларнинг бари ўз мамлакатлари миллий терма жамоа футболчилари ва ўз жамоалари учун муҳим фигуралар ҳисобланади. Ҳозирги пайтда барча футболчилар Эрондан ташқарида жойлашган.
Машарипов Италияда операциядан кейинги тикланиш жараёнини ўтамоқда ва яна бир муддат у ерда қолади. Кожо эса анча вақтдан бери Бишкекда — жароҳати туфайли у камида июнь ойигача сафдан чиққан.
Ханонов ва Камолов Озарбайжонга йўл олган, Ашурматов Бирлашган Араб Амирликларига кўчиб ўтган.
Сергеев, Ўрунов ва Ҳамробеков Ўзбекистонга қайтган.
ФИФА, қарорни тезроқ чиқар!
Легионернинг ҳаммаси юридик жиҳатдан ўз клублари билан шартнома орқали боғланган ва уларнинг кейинги фаолияти бўйича ФИФА қарор чиқариши лозимлиги айтиляпти.
Бироқ эҳтимолий трансфер вариантларини муҳокама қилишдан олдин ФИФА қарори кутилмоғи лозим.
Шунга ўхшаш вазият Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин ҳам юзага келган эди: ўшанда ФИФА фақат 2022 йил июнь ойи охирида хорижлик футболчиларга Россия ва Украина клублари билан шартномаларини вақтинча тўхтатиб туришга рухсат берган. Бунда гап шартномани бекор қилиш ҳақида эмас, балки вақтинча тўхтатиш ҳақида кетган.
Муддат тугагач, ўйинчилар ўз клубларига қайтиши шарт бўлган. Шартномалар ва молиявий мажбуриятлар сақланиб қолган. Футболчилар маошларини йўқотмаган, бироқ маълум муддат давомида бошқа жамоалар сафида тўп суриш имконига эга бўлган.
Шу билан бирга, айрим футболчилар учун бундай узоқ кутиш муаммоли бўлиши мумкин. Айниқса, Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари учун, чунки уларни жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг ҳал қилувчи босқичи кутмоқда.
Жамоада рақобат жуда юқори ва ўйин амалиётининг йўқлиги асосий таркиб учун курашни жиддий қийинлаштириши мумкин.
Бу борада якуний сўзни барибир ФИФА айтади. Ҳозир эса, Эрондан чиқиб кетган ўзбекистонлик легионерларнинг кейинги фаолиятини тахмин ва тасаввур қилиб кўриш мумкин холос.
Ким қаерга боради?
Игорь Сергеев
Агар форс клубларидаги легионерларга вақтинча бўлса-да, бошқа клубларда ўйнаб туриш имконияти берилса, Игорь Сергеев ўзи бир неча ой олдин тарк этган “Пахтакор”га қайтиши мумкин.
Бироқ Сергееев ўрнига Тошкент клуби аллақачон польшалик ҳужумчи Пётр Пажишекни таркибга жалб этган ва европалик легионер Ўзбекистон Суперлигасида самара келтира бошлади.
Шу билан бирга, бу икки ҳужумчининг жуфтлиги жамоа ҳужумини янада кучайтириш эҳтимоли жуда юқори. Бошқа томондан, бундай ҳолатда Турдимуродов ўйин амалиётисиз қолиши мумкин, у ҳам жаҳон чемпионати учун терма жамоа рўйхатига киришни мақсад қилган.
Агар жадвал қуйи қисмидаги клуб вариантини кўриб чиқилса, тажрибали марказий ҳужумчи “Бухоро” учун жиддий кучайиш бўлиши мумкин, чунки у ерда самарадор форвард етишмаяпти.
Остон Ўрунов
Ўрунов Россиядаги муваффақиятсиз давридан сўнг “Навбаҳор”га қайтиб, фаолиятини қайта тиклашга эришди ва айнан Наманган клубидан Эронга йўл олди. Остон қисқа фурсатда “Персеполис” етакчичи ва чемпионатнинг энг қимматбаҳо ўйинчиларидан бирига айланди.
“Навбаҳор”нинг ҳозирги мураббийи Темур Кападзе, илгари Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўзи билан ишлаган маҳоратли футболчининг Наманганга келишига қарши бўлмаса керак. Қолаверса, наманганлик мухлислар ҳам Ўруновнинг қайтишини катта шавқ билан кутиб олишади.
Агар жадвал қуйи қисмидаги жамоаларни кўриб чиқилса, Ўрунов каби етакчи “Машъал” учун жуда фойдали бўлиши мумкин, чунки у ерда ҳозир ўйинни бошқара оладиган ёрқин футболчи етишмаяпти.
Жалолиддин Машарипов
Ўтган йили Машариповнинг Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига ўтиши фаол муҳокама қилинган эди. Шунинг учун ҳозир ҳам айнан шу вариант энг мантиқли бўлиб кўринмоқда.
Бироқ кўп нарса футболчининг жароҳатдан тикланишига боғлиқ. Қайтиш муддатлари ҳозирча аниқ айтилмаган ва у жаҳон чемпионатигача оптимал формага кириб улгурмаслиги хавфи бор.
Агар жадвал қуйи қисмидаги клубларни кўриб чиқсак, қизиқ вариант сифатида “Хоразм”ни айтиш мумкин. Машарипов Урганчда туғилгани учун бундай ўтиш рамзий маънога ҳам эга бўларди.
Рустам Ашурматов
Ҳусниддин Алиқулов жароҳати сабабли Ўзбекистон терма жамоаси учун марказий ҳимоячилар жуфтлигини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан “Насаф” варианти мантиқий кўринади, чунки у ерда Рустам Ашурматовнинг терма жамоадаги шериги Умар Эшмуродов сардор ҳисобланади.
Яна бир эҳтимолий вариант — Самарқанднинг “Динамо” жамоаси бўлиб, у ерда ёш Жаҳонгир Ўрозов ўйнаяпти. Мана шу ҳимоячи миллий терма жамоасида Алиқуловнинг ўрнини эгаллашга номзодлардан бири бўлиб қолмоқда.
Агар жадвал қуйи қисмидаги жамоалар инобатга олинса, Ашурматовнинг профессионал фаолиятини бошлаган “Қўқон”га қайтиши эҳтимолдаг холи эмас.
Одил Ҳамробеков
“Насаф” тарбияланувчиси учун энг очиқ вариант — Қаршига, Рўзиқул Бердиев қўл остига қайтиш. Ҳозир клуб мураккаб даврни бошдан кечирмоқда ва бундай тажрибали ўйинчининг ёрдами жуда асқотиши мумкин.
Шу билан бирга, Ҳамробеков Суперлиганинг ҳар қандай жамоасини кучайтира олади.
Таркиб ва кадрлар имкониятини ҳисобга олсак, мантиқий вариантлар сифатида “Қизилқум” ёки “Сурхон”ни айтиш мумкин.
Бошқа йўналишлар ҳам бор
Футболчилар фаолиятини давом эттириши мумкин бўлган вариантлар фақат Ўзбекистон Суперлигаси билан чекланиб қолмайди.
Масалан, Қозоғистонда трансфер ойнаси анча кеч ёпилади — амалда клубларда апрелгача футболчиларни қўшимча рўйхатдан ўтказиш имконияти бор.
Игорь Сергееевни Қозоғистонда жуда яхши билишади. Қўшни мамлакат Премьер-лигасига Ўрунов ҳам асқотиши мумкин.
Қўшимча имкониятлар Осиёнинг бошқа лигаларида ҳам пайдо бўлиши мумкин: айрим чемпионатларда трансфер ойнаси узоқроқ очиқ қолади, жумладан Жанубий Корея ва Японияда ҳам.
Ниҳоят, Европа йўналишини ҳам истисно қилиб бўлмайди — айниқса мавсум баҳорда бошланадиган ва клублар аниқ позицияларни кучайтириш имконига эга бўлган чемпионатларда. Буларга Скандинавия ёки Болтиқбўйи мамлакатларини қўшиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Эронда ҳарбий можаролар аввал ҳам кузатилган, бироқ ҳозирги вазият анча кенг қамровли ва хавфлидир. Шу билан бирга, инқироз вақт ўтиши билан бартараф этилиши, чемпионат қайта тикланиши ва футболчилар ўз клубларига қайтишига умид бор.
Ҳозирча эса уларнинг яқин келажаги кўп жиҳатдан ФИФА қарорига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Фикрлар