Диёр Имомхўжаев: Бу клубнинг нопрофессионал ҳаракати кўплаб режаларни ўзгартириб юборди

Хабарингиз бор, бундан бир неча кун олдин Про-лига иштирокчиси бўлган Фарғонанинг "Истиқлол" клуби ўз фаолиятини тугатаётгани ҳақида маълумот берилган эди. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев эса ушбу ҳолат телетрансляцияларга жиддий таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапирди.

"Қайсидир даврларда бирор клубнинг мусобақадан чиқиб кетиши оддий ҳолат бўлган. Аммо телетрансляциялар масаласига жиддий эътибор қаратаётган бугунги ҳолатимизда "Истиқлол" футбол клубининг нопрофессионал ҳаракати кўплаб режаларни ўзгартириб юборди.

Про-лига 5-туридаги ўзгаришлар сабаб биз "Олимпик" ва "Нефтчи" иштирокидаги 2 та учрашув вақтларини, УзРепорт каналига тегишли КТС манзилларини ўзгартиришга мажбур бўлдик.

Шунингдек, Ўзбекистон Coca-Cola кубоги турнирида ҳам ўзгаришлар юзага келди. Тезлик билан "Чиғатой" — "Ғиждувон" учрашувини ташкил этишимизга тўғри келди. Спорт-ТВ ўз ишчи гуруҳини Андижон-Фарғона-Наманган кетма-кетлигида йўлга чиқаришни режалаштирганди. Ўртадаги узилиш эса ҳолатга таъсир кўрсатди, ўйинлар вақтини клубларга вақтида тақдим этиш имкони бўлмади", - деб ёзмоқда Диёр Имомхўжаев ўз телеграм саҳифасида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!