Диёр Имомхўжаев: ФИФА томонидан трансфер тақиқи қўйилган клублар мавжуд

ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўз "Телеграм" каналида футболчиларнинг шартнома масаласидаги муаммолари ҳақида пост жойлади:

"Футболчилар янги клуб билан шартнома имзолаш олдидан шу соҳа ҳақида яхши тасаввурга эга инсонлар билан маслаҳатлашишларини тавсия қиламиз.

Биз яқиндагина футболчилар мақоми ва уларнинг ўтиши бўйича регламентни янгилаб, уни клубларга тақдим этдик. Бунда футболчиларни қизиқтириши мумкин бўлган саволларга жавоблар мавжуд. Кўряпмизки, ўйланмай туриб имзоланган шартномаларнинг оқибати яхши бўлмаяпти. Футболчилар ва клублар йил бўйи бир-бирларининг устиларидан ёзув-чизув қилгандан кўра, ҳамма нарсани пухта келишиб олганлари маъқул. Бизда соҳани яхши тушунадиган инсонлар кам, аммо йўқ эмас. Ва ишонманки, улар маслаҳат сўраб мурожаат қилган футболчиларга ёрдам беришади.

Шунингдек, ФИФА томонидан трансфер тақиқи қўйилган клублар мавжуд. Улар билан шартнома имзолаб қўйган футболчилар билишлари керакки, тақиқ олиб ташланмагунига қадар, мазкур шартномалар ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказилмайди. Бу эса мазкур футболчиларнинг бир неча ойлар катта футболсиз қолишларини билдиради. Мана шундай ҳолатлар бўлмаслиги учун биз Футболчилар уюшмаси билан ҳамкорлик қиляпмиз", - дейилади ушбу мурожаатда. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!