Диёр Имомхўжаев: Ҳакам "Локомотив" фойдасига адашганида индамаганидан кейин, аксида ҳам профессионал жим бўлгани яхши
ПФЛ бош директори ўринбосари Диёр Имомхўжаев "Локомотив" клубидаги интизом борасида гапирди. Бу ҳақда Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
- Агар бирор жамоа футболчилари майдонда ўзини тутишни билмаётган бўлса ва шунинг эвазига дисквалификация қилиниб, жаримага тортилаётган бўлса, ўша жамоа раҳбарияти футболчилар билан яхшилаб гаплашиб олиши керак. Бундай ҳолатнинг кетма-кет содир бўлиши интизом масаласига бориб тақалади.
Шу йилнинг ўзида Нивалдо рақибига бош билан зарба бергани учун жаримага тортилди ва дисквалификация қилинди.
Икром Алибоев икки шундай ҳаракати билан ёдда қолди ва жамоасини қийин аҳволда қолдирди. Бири АГМК билан ўйинда, иккинчиси Жанубий Кореяга қарши Осиё ўйинларида.
Марат Бикмаев "Пахтакор" билан ўйин яқин қолаётганини била туриб, ўзини боса олмади. Кеча эса унинг ёнига Садриддин Абдуллаев қўшилди.
Футбол ҳакамлари у ёки бу томонга адашиши мумкин. Масалан, "Бунёдкор"га қарши ўйинда Марат Бикмаев йиқилди, такрорий лавҳа пенальти йўқлигини кўрсатди. Бикмаев пенальтини ўзи тепди ва гол урди (нормал ҳолат). Ҳакамнинг қарори ўйин натижасига таъсир кўрсатди (ачинарли ҳолат).
"Металлург"га қарши ўйинда бошқа ҳакам "Локомотив" зарарига адашди. Марат Бикмаев буни оғир қабул қилди (нормал ҳолат) ва ўзини боса олмади (нормал ҳолат эмас). Ўзининг фойдасига адашганида индамаганидан кейин, аксида ҳам профессионал жим бўлгани яхши. Ҳакам қарорини ЎФА Ҳакамлар қўмитаси муҳокама қилади ва ўрганиб чиқади, уни жазолаши мумкин. Клубда апелляция бериш ҳуқуқи бор.
Бикмаев ва Алибоевни шахсан ҳурмат қиламан. Улар яхши савиядаги футболчилар, миллий терманинг асосий фигуралари. Мана шу жиҳатлар ёнига профессионаллик ҳам қўшилса, улар тўп сураётган клублар жабр чекмайди.
Ҳозир "Локомотив"га осон эмас. "Пахтакор" билан ўйинолди Бикмаевда, "Бунёдкор" билан қийин ўйин арафасида Абдуллаевда муаммо бўлди. Шунинг учун ҳам раҳбарият футболчилари билан гаплашиб олгани маъқул, - дея ёзади Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар