Ўзбекистонни Колумбиянинг энг катта хавфидан огоҳлантиришди
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги жаҳон чемпионатидаги иштироки Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, Вьетнамдаги нуфузли ахборот манбаларидан ҳисобланган baolamdong.vn портали мундиалнинг “К” гуруҳидаги биринчи турдан ўрин олган Ўзбекистон ва Колумбия ўртасидаги учрашувга эътибор қаратди.
Sports.uz портали қуйида ушбу мақола ва тахминий таркибларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этади:
Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати доирасидаги тарихий учрашувга тайёрланмоқда. Жамоа Колумбияга қарши майдонга тушади. Бош мураббий Фабио Каннаваро Луис Диас хавфини йўққа чиқариш учун прагматик ўйин услубига таянишни режалаштирмоқда.
18 июнь куни Мехикодаги афсонавий “Ацтека” стадионида тарихий воқеа юз беради: Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирокини бошлайди. Бироқ қуръа “Оқ бўрилар” учун осон келмади — уларнинг биринчи рақиби барқарор ўйин кўрсатаётган ва катта турнирлар тажрибасига эга футболчилардан ташкил топган Колумбия миллий терма жамоаси бўлади.
Фабио Каннаваронинг прагматик фалсафаси
Ўзбекистон “ЖЧ-2026” йўлланмасини ОФК саралаш босқичидаги ажойиб иштирок орқали қўлга киритди. Жамоа 16 учрашувдан фақат биттасида мағлуб бўлди. Бироқ мусобақа олдидан Канада ва Нидерландияга қарши кетма-кет икки мағлубият Каннаваронинг тайёргарлиги ҳақида айрим саволларни келтириб чиқарди.
Ҳимоя афсонаси ҳисобланган Каннаваро ўз жамоасининг халқаро майдондаги имкониятларини яхши тушунади. Шу боис у катта эҳтимол билан 3-4-2-1 схемасидан фойдаланиб, чуқур ҳимоя блокини қуришга ва қарши ҳужумларга ўтишдан аввал хавфсизликни таъминлашга урғу беради.
Марказий Осиё вакили учун энг катта йўқотиш — тажрибали ярим ҳимоячи Жалолиддин Машариповнинг бел жароҳати туфайли иштирок эта олмаслигидир. Бу эса масъулиятни ёш марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ва ёрқин иқтидор соҳиби Аббосбек Файзуллаев зиммасига юклайди.
Миллий жамоа тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланган ва халқаро миқёсда 44 гол муаллифи бўлган тажрибали сардор Элдор Шомуродов ҳужумдаги асосий умид бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон сенсация қайд этишни айнан ундан кутади.
Жанубий Америкадан келаётган ҳужум кучи
Рақибидан фарқли равишда, Колумбия мусобақага юқори ишонч билан етиб келди. Нестор Лоренсо бошқараётган жамоа Жанубий Америка саралаш босқичида учинчи ўринни эгаллади ва мусобақа олдидан ўтказилган ўртоқлик учрашувларида ҳам ишончли натижалар қайд этди.
Колумбия 4-2-3-1 схемасида ҳаракат қилади ва ўйинни бошиданоқ назорат қилиш ҳамда юқори прессинг қўллашни мақсад қилган.
Жамоанинг энг катта қуроли — қанотлардаги кучли футболчилардир. Плеймейкер Хамес Родригеснинг ижодкорлиги Луис Диас ва Ариаснинг тезлиги билан бирлашиб, Ўзбекистон ҳимоясига жиддий хавф туғдиради.
Айниқса, “Ливерпуль” юлдузи Луис Диас ўзининг тезлиги, дриблинги ва гол уриш маҳорати билан рақиб ҳимоячилари учун катта муаммо яратиши мумкин.
Диаснинг тезлиги Ўзбекистон энг кўп эҳтиёт бўлиши керак бўлган омиллардан бири ҳисобланади.
Учрашув тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган нуқталар
Мехикодаги баҳс нафақат икки турли футбол мактаби тўқнашуви, балки майдоннинг ҳал қилувчи нуқталари учун кураш ҳам бўлади.
Энг қизғин рақобат Ўзбекистоннинг ўнг қанотида кузатилиши кутилмоқда. Айнан шу ерда жамоа карьерасининг энг яхши даврини ўтказаётган Луис Диасни тўхтатиш йўлини топиши лозим бўлади.
Шунингдек, марказий чизиқда Шукуров ва Мозговой жуфтлиги билан колумбиялик Лерма ва Риос ўртасидаги кураш ҳар икки жамоанинг ўйин суръати ва назоратини белгилаб бериши мумкин.
Ўзбекистон тарихий дебют олдидан юқори руҳий тайёргарликни намойиш этмоқда. Бироқ класс ва тажрибадаги фарқ жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Юлдузларга бой ва яхши формадаги Колумбия Ўзбекистоннинг мустаҳкам ҳимоясини ёриб ўтиш ва биринчи учрашувда уч очкони қўлга киритиш учун асосий фаворит сифатида кўрилмоқда.
Тахминий таркиблар
Ўзбекистон (3-4-2-1):
Юсупов; Ҳусанов, Абдуллаев, Ашурматов; Сайфиев, Шукуров, Мозговой, Назруллаев; Файзуллаев, Ўрунов; Шомуродов.
Колумбия (4-2-3-1):
Варгас; Муньос, Санчес, Лукуми, Мохика; Лерма, Риос; Ариас, Родригес, Диас; Суарес.
Ҳусанов жаҳон чемпионати суперрейтингидан жой олди!
Ўзбекистон – Колумбия: 18 июндаги ўйинга башорат
Файзуллаев Роналду видео мурожаат йўллаганини тасдиқлади
Колумбия бош мураббийи Ўзбекистонга қарши ўйинга қандай тайёрланаётганини айтди

Фикрлар