Диёр Имомхўжаев: Купернинг фикрлари тўғри эди... Катанец муҳим ўйинга 1 кун қолганида янги ҳимоя ўйлаб топмайди
Кеча Ўзбекистон миллий терма жамоаси Швецияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказди. Беллашувда ҳамюртларимиз 2:1 ҳисобида имкониятни бой берди.
Учрашувдан сўнг ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида терма жамоамизнинг аввалги ва ҳозирги хорижлик мураббийлари ҳақида фикр билдирди.
- Термани Купер қабул қилиб олганида умид пайдо бўлганди. Эслайсиз, Купер асосий муаммо ҳимоямизда эканини билган, ишни уни созлашдан бошлаган. Чунки асосий рақиблар: Япония, Жанубий Корея, Эрон, Австралия, Саудия ва ҳоказо. Уларга қарши ҳужумкор ўйнаш қийин, улар ҳимоядаги яримта хатони битта голга айлантиришни эплайди.
Швецияга қарши бугунги учрашувни кўриб, ўша умид қайта уйғонди. Футболчиларимиз Европа майдонида йўқолиб қолишмади. Кўриндики, Купернинг фикрлари тўғри эди, ҳимояни созлаш керак. Катанецда бунинг учун вақт бемалол бўлади.
Катанец муҳим ўйинга 1 кун қолганида янги ҳимоя ўйлаб топмайди. У вингерни ўртага, ўртани ҳимояга тиқиб қўядиган авантюрист эмас. Агентлик билан шуғулланмайди ва шундан келиб чиқиб, ҳаммага тенг муносабатда бўлади. ФИФА кунларини ҳурмат қилади. Клубларни ўзига тобе деб билмайди, улар билан ҳамкорликни муҳим санайди. Футболчиларга талабни қатъий қўяди ва ўз хатоларини уларнинг эътиқодидан изламайди. Шунинг учун ҳам қандайдир Ироқ термаси билан Тошкентда бемалол ўйнаган.
Мураббий, ўртоқлик ўйини ва йиғин масаласида сўнгги икки йилда биринчи марта яхши жиҳатлар кўрдик. Мана шу темпни ушлаб қолиш шарт. Ва, албатта, унутмайликки, ҳаммаси Катанецнинг ўзигагина боғлиқ эмас. Биз футболдаги ички муаммоларимизни тартибга солишимиз керак. Бунинг учун аввал уларнинг борлигини тан олишимиз, кейин эски хатоларни такрорламайдиган қарорлар қабул қилишимиз муҳим, - деди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар