Диёр Имомхўжаев: Моуриньонинг тактикаси Бабаян давридаги Ўзбекистон термасини эслатди
"Рома" Италия чемпионати доирасида "Верона" билан куч синашди. Беллашувда Жозе Моуриньо шогирдлари 3:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Ҳамюртимиз учрашувни асосий таркибда бошлади. Бироқ учрашувни охиригача ўтказмади. Бу гал вакилимиздан самарали ҳаракатлар амалга оширилмади. Шомуродов бу гал қанотда ўйнаганини ҳам эътиборга олиш даркор.
Ушбу ҳолатга ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев телеграмдаги саҳифасида ўз фикрларини билдирди.
- Кеча "Рома" Моуриньо бошқарувида расмий ўйинлардаги илк мағлубиятини "Верона"дан қабул қилиб олди. Қизиғи, учрашувни Элдор Шомуродов асосий таркибда бошлаганди.
Бунда мураббий Абрахамни ҳам асосий таркибга киритди ва англиялик футболчини ўз позициясида ўйнатди, Элдорни эса орқароққа олди. Бу ҳолат Бабаян давридаги Ўзбекистон термасини эслатди. Ўша вақтда у Сергеевни олдинга ташлаб, Элдорни бироз орқароқда ўйнатиб келди. Купер даврида эса Элдор ўз позициясида ўйнади ва ростмана порлади. "Рома"да ҳам ҳамюртимиз олдинги чизиқда ўзи иштирок этган барча учрашувда фойда келтирди.
Элдор мураббий айтган позицияда бемалол ўйнаши ва ҳар нуқтадан туриб жамоасига фойда келтира олишига шубҳа йўқ. Аммо ҳар бир футболчи ўзини ўнғайроқ ҳис қиладиган нуқталар бор эканини ҳам инкор этиб бўлмайди. Биз бунда Моуриньони ҳам айблай олмаймиз. Чунки унда вақт кам эди ва мураббий Абрахам харид қилингач, бир нечтагина расмий ўйин ўтказди холос. Португалиялик узоқни кўзлаяпти ва олдинги чизиқнинг 5-6 нафар асосий футболчиси бирор сабаб билан сафдан чиқиб қолса, кейинги режалари қандай бўлишига ҳозирдан ойдинлик киритиб боряпти.
"Рома" навбатдаги учрашувни 23 сентябрь куни ўз майдонида "Удинезе"га қарши ўтказади, - деди Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар