Диёр Имомхўжаев ПФЛдан кетгани йўқ!
Кеча Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўз лавозимини тарк этгани ҳақида турли хабарлар тарқалди. Ушбу гап-сўзлар ортидан Имомхўжаев бугун ўз телеграм саҳифасида ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
"Кеча оқшом ўзим ҳақимдаги хабарларни мароқ билан ўқиб чиқдим. Айримлар учун байрам байрамдек бўлсин учун пост қолдирмадим.
Ўз вазифамни тарк этсам, ўқувчиларимга албатта хабар бераман. Шу вақтгача улардан ҳеч нарса яширмаганман, бундан кейин ҳам шундай бўлади, биз беркиниб ўрганмаганмиз. Шу вақтгача айтганларимдан ва қилганларимдан афсусда эмасман. ТВ оқали мени оилам томоша қилади, уларнинг қаршисида эса ҳеч қачон ёлғон гапирмайман.
Ҳозирча "Навбаҳор" — "Пахтакор" учрашуви ўз вақтида ўтаётганидан хурсандман. Мана шундай ўйинлар, қарама-қаршиликлар аслида терма жамоани кучли қилади. Биз кучли терма учун чемпионатни қурбон қилиш йўлидан эмас, кучли чемпионат орқали кучли термага асос солиш йўлидан юрамиз. Бу йўлдаги қарама-қаршиликлардан эса қўрқмаймиз.
Барчангизни истиқлол байрами билан муборакбод этаман. Эркимиз, ғуруримиз ва оримиз доим ўзимиз билан бўлсин!", - деб ёзади Диёр Имомхўжаев.
Фикрлар