Диёр Имомхўжаев: Терма жамоага бош мураббий топилгани ёки 1 та ўртоқлик ўйини билан чалғиб қолмаслигимиз керак
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев футболни ривожлантириш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида гапирди.
"Биз терма жамоага бош мураббий топилгани ёки 1 та ўртоқлик ўйини билан чалғиб қолмаслигимиз керак. Чунки одатда шундай бўлади.
Ҳар якшанба ҳар бир вилоятнинг ҳар бир тумани шу вилоятнинг бошқа бир туманига қарши футбол ўйини ҳавосидан нафас олиши керак. Бу футболни оёққа турғазиш учун ёрдам беради.
Ҳар бир профессионал футбол клубининг минимум "Бунёдкор"даги каби шароитларга эга футбол академияси бўлиши шарт. Бу футболга қанот бағишлайди.
Юқоридаги каби оёқларимиз ва қанотларимиз бўлмагунича, янги бош топаверганимиз билан барибир узоққа уча олмаймиз. Футбол ва клублар ундан нимадир олиб ўрганган кишилар қўлида ўйинчоқ бўлиши эмас, унга нимадир бера оладиган даражадаги билимли кишилар томонидан бошқарилишига йўл берилиши муҳим ва биз шу билан нормал фикрлайдиган бошли ҳам бўламиз.
Биз собиқ Югославия мамлакатлари футболчилари ва мураббийларидан ортмаяпмиз-у, биз билан деярли бир вақтда мустақил бўлган ўша мамлакатлар мана шу даражага қандай етгани борасидаги саволни ўзимизга бериб кўрмаяпмиз. Асосий муаммомиз шунда", - деб ёзди Имомхўжаев.
Фикрлар