Диёр Имомхўжаев янги мавсум бошида айрим жамоалар нега ўз уй стадионларида ўйнамаётганига изоҳ берди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси раҳбари Диёр Имомхўжаев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига интервью бериб, кўплаб жамоаларнинг стадионларини тилга олди ва бўлаётган ишлар ҳақида тўлиқ маълумот берди.
— Мавсум бошланиши арафасида жуда ҳам кўплаб клубларимиз ўз учрашувларини бошқа вилоятда ёки ўз вилоятининг бошқа клуби стадионларида ўтказишига тўғри келяпти. Бу битта-иккита ҳолат эмас, дейлик, беш ёки олтитача клубимизда шунақа ҳолат юз беряпти. "Насаф" ҳам Элит Осиё Чемпионлар лигаси доирасидаги ўша охирги тур учрашувини анча узоқроқдаги Водийда — Фарғонадаги майдонда ўтказди. Умуман мана шунақа ҳолатлар бўлганлиги учун вужудга келаётган ҳолатни қисман хаос деса ҳам бўлади. Клублар ўз стадионларига меҳр бермаётгани, янги мавсум учун тараддуд кўрмаётгани билан боғласак бўладими?
— Аксинча, тараддуд кўраётгани билан боғласак тўғрироқ бўлади. Чунки ҳамма ўзининг стадионида шунчаки ўйинни бошлаши бўйича Лигага ҳам, клубга ҳам аслида ҳеч қанақа қийинчилик жойи йўқ. Энг қулайи шу. Лекин агар шунчаки ўзининг уйида ҳар қанақа шароитда бошлашига биз рухсат берсак, даражани ҳеч қачон кўтара олмаймиз. Суперлига ўзининг даражаси ва талаблари бор. Оддий мисол, ўзимизнинг уйимиз ҳам вақт ўтган сари емирилиб боради-да. Таъмирга муҳтож ҳолатга келса, биз бу стадионни ёпамиз. Агар шунчаки ҳаммага "ўйнайверинглар" деб очиб берсак, бу даражанинг тушиб кетишига олиб келади. Охирги тўрт-беш йилликда секин-секин майдонларимиз яхши ҳолатга келганлигининг асл сабаби шу. Талаб бор ва у ҳаммага бир бўлади.
Мисол учун, "Навбаҳор" ўзининг уйида ўйнамаяпти. Бу тараддуд кўрмаётгани эмас, аксинча, Намангандаги марказий стадионда майса ва бошқа жойларни таъмирлаш ишлари давом этяпти. Яъни бир қадам орқага юриб турибди "Навбаҳор". Худо хоҳласа, иккинчи даврадан бошлаб олдинга юради. "Насаф"да ҳам худди шунақа. Ўн йилдан ошиқ вақт давомида энг яхши майсалардан биттаси Қаршиники эди. Қаршида, Қашқадарёда сув билан боғлиқ муаммо мавжуд. Майса барибир сув талаб қилади. Ичимлик суви муаммо бўлгандан кейин, оқова сувларда майсага зарар томони борки, бегона ўтлар ва зараркунандалар кўпаяди. Бу нарса майдоннинг умумий кўринишини бузиб қўяди. Шу нарса йиллар давомида максимал даражада ҳаракат қилинган. Қўлда битта-битта 110 га 70 майдонни териб чиқиш осон нарса эмас. "Насаф" ишни тўғри йўлга қўйган клуб сифатида захира плантациясини ташкил қилган эди. Бунисини олиб ташлаб, янгисини экиб, ўзига келтириб олиш барибир вақт талаб қилади. Қоидаси бўйича апрельдан қайтишни режа қилган эди. Чунки барибир уч-тўрт ой керак алмаштириб олиш учун. Шу нарсалар йўлга қўйилгани учун ҳам стадионлар йилдан-йилга яхшиланиб борди.
Фикрлар