Диёржон Туропов: Энди ўйинимиз очилиб кетишига ишонаман
,Суперлиганинг 5-туридан ўрин олган “Сурхон” - “Локомотив” (0:1) учрашувидан сўнг, ўйиндаги ягона гол муаллифи Диёржон Туропов клуб матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.
– Ўйин жанговар рухда ўтди. Баҳс давомида рақибдан кучлилигимиз кўринди. Чунки биз рақибдан кўра кўпроқ вазиятлар яратдик. Бироқ уларни голга айлантиришда бироз сустроқ ҳаракат қилдик. Умуман олганда, бугун чиройли ўйин кўрсата олдик, дея оламан. Шунингдек, “Сурхон” футболчилари ҳам бизга яхши қаршилик кўрсата олишди.
– Кетма-кет иккинчи ўйинда гол уриб, жамоага 4 очко келтирдингиз. Ҳиссиётларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Жамоага ёрдамим тегаётганидан хурсандман. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни ният қилганмиз. Аммо яратилаётган кўплаб вазиятлардан фойдаланишда хатолар кўп бўлмоқда. Бу борада ишлаб, кўпроқ гол уришга ҳаракат қиляпмиз. Энди ўйинимиз очилиб кетишига ишонаман.
– Ушбу мавсумда илк ғалаба 5-турга келиб қўлга киритилди…
– Бу футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Асосийси – бугун ғалабага эришдик. Ғалаба доимо футболчининг, мухлисларнинг кайфиятини кўтаради. Энди тўхтаб қолиш керак эмас. Ҳали мавсумнинг катта қисми олдинда. Кўплаб ғалабалар бизни кутиб турганига ишонаман.
Фикрлар