"Диёрнинг пенальтидан гол ура олмаганидан хафа бўлдим, Ўзбекистонга қайтиш менга ёққан бўларди" - Славче Войнески
“Пахтакор” клуби бир неча кун илгари Ўзбекистон Суперкубогида “Насаф”га пенальтилар сериясида ютқазиб қўйди. “Шерлар”нинг собиқ бош мураббийи, македониялик Славче Войнески ҳам ушбу учрашувни кузатди.
Ёдингизда бўлса, 2022 йили “Пахтакор” айнан Войнески бошчилигида “Насаф”ни 1:0 ҳисобида енгиб Суперкубокни боши узра кўтаргандилар. Ҳозирча ўша йилги қўлга киритилган Суперкубок “Пахтакор” учун охиргиси бўлиб турибди.
Славче Войнески эса жорий йилдаги Суперкубокдан кейин Sports.uz сайтига интервью берди.
- “Пахтакор”нинг собиқ мураббийи сифатида Суперкубокдаги ўйинини қандай изоҳлайсиз? Жамоа пенальтилар сериясидагина мағлуб бўлди.
- Мен ўйинни диққат билан кузатдим. Шахсий фикрим бўйича Ўзбекистон чемпиони ва ўз мамлакати номидан Осиё Чемпионлар лигасида қатнашаётган клуб бундан анча яхшироқ футбол намойиш этиш керак, деб ҳисоблайман. Чунки Ўзбекистон Суперкубогида “Пахтакор” даражасидаги ўйинни кўрмадим. “Пахтакор”дан кўпроқ “портловчи” футболни кутгандим. Уларда ёш футболчилар бор ва тез ҳужумга ўтиб кета оладилар. Буни нимага айтяпман? Чунки клубдаги кўплаб ёш футболчилар менинг ишлаган пайтимда дебют қилишган ва асосий таркибга жалб қилинганди. Уларнинг имкониятларини яхши билганим учун бу фикрларни айтяпман. Бошқа тарафдан қараганда, “Пахтакор”нинг ўйин фалсафасини, улар нимани хоҳлаётганини тушунмайсиз. Чунки улар ҳужум қилар экан, майдон бўйлаб қандай услубда жойлашишяпти, ҳимоя чизиғининг жойлашуви қандай тартибда шакллантириляпти? Булар шахсий фикрим. “Пахтакор” пенальтидан гол урди. Лекин пенальтигача бўлган вазиятда “Пахтакор” ҳужум қилишда классик хатоларга йўл қўйди, дейишим мумкин. Икки йилдирки, улар “Пахтакор” академияси ва ўз даражасига мос ўйин услуби қуришмабди. “Насаф”дан катта янгилик кўрмадим. Чунки Бердиевнинг доимий ўйин фалсафаси, ўйин услуби бор. Шу ўринда уни Суперкубокдаги ғалаба билан табриклайман. У яхши мураббий ва ҳурмат қиламан.
- “Пахтакор”ни доим кузатиб турасизми? Сиз кетгандан кейин клуб қанчалик ўзгарди?
- Тўғрисини айтсам, “Пахтакор”ни доимий равишда кузатиб бормадим. Лекин ўша клубда ишлаган инсон сифатида ва жамоа ўйинида ўз ғояларим билан таъсир ўтказган мутахассис сифатида мен одатда собиқ жамоаларим ўйинлари билан қизиқаман. Натижаларини кузатиб бораман. Ривожланяптими ёки йўқ, бу борадаги кузатувларимни амалга ошираман. Собиқ клубларимнинг мағлубияти мени хафа қилади. Улар яхши натижаларга эришганида хурсанд бўламан. Ўтган йили чемпионликдан кейин биринчилардан бўлиб клуб президентини табрикладим.
- “Пахтакор” пенальтилар сериясида ғалаба қозонишга яқин эди. Сизнингча, бу шунчаки омадсизликмиди ёки...
- Фикрингизга қўшиламан, “Пахтакор” пенальтилар сериясида ғалаба қозонишга жуда яқин эди. Диёр пенальтидан гол ура олмаганидан жуда хафа бўлдим. Унинг қай даражада иқтидорли футболчилиги ва яхши инсонлигини биламан. Лекин бу каби ҳолат дунё даражасидаги футболчиларда ҳам кузатилган. Бу омадсизлик Диёр Холматовни четлаб ўтмагани нормал ҳолат. Замонавий футболда пенальтилар шунчаки омад масаласи эканлигига ишонмайман. Бу чуқур таҳлиллар эвазига ғалаба қозониладиган ва жиддий тайёргарлик кўриладиган ўйиннинг бу каби финалларнинг асосий қисми. Сиз рақиб жамоа дарвозабони, уларнинг мураббийларини ҳамда қайси ўйинчиларни танлашини тахмин қилишингиз, пенальти тепиш услубларини кўриб чиқишингиз ва шунга яраша муаммоларга ёндашишингиз керак.
- Адашмасам, “Пахтакор”дан кетганингиздан бери ҳеч қайси клубда ишламадингиз. Нима учун?
- Ҳа, тўғри айтиб ўтдингиз, мен сўнгги икки йил давомида ҳеч қайси клуб билан ишламадим. Менда бир қатор имкониятлар, таклифлар бўлганди. Лекин доим айтиб ўтганимдек, таклифларни кўриб чиқишда уларнинг лойиҳавий истиқболларига қарайман. Узоқ муддатли лойиҳалар устида ишлашни ёқтираман. Сўнгги йилларда ишламаганимнинг сабаби катта ўғлимда касаллик кузатилди. Бу унинг фаолиятига жиддий таъсир ўтказиши мумкин эди. Биласиз, у ҳам профессионал футболчи. Аммо Яратганга шукрки, у ҳозир ўзини яхши ҳис қиляпти ва майдонга қайтган. Спорт формасига қайтиш ишлари билан машғул. Келаётган мавсумдан иккимиз ҳам футбол майдонига қайтишимизга умид қиламан.
- Хизматингизга таклифлар бўляптими?
- Ўтган вақт мобайнида кўп таклифлар менинг манзилимга йўлланди. Эрон, Туркия, Чехия, Словения, Руминия, Сербия ва ўз мамлакатимдан бир нечта клублар менга таклиф билан чиқишди. Аммо ҳозирги кундаги мақсадим шуки, ўз юртим - Македониядан бўладиган таклифларни кўриб чиқмайман, ҳатто улар жиддий таклифлар бўлса ҳам. Ўзимни хорижда мураббийлик қилиш томонидан кўряпман.
- Масалан, сизга юртимиздан яна қизиқишлар бўлдими? Қайтиш ниятингиз борми?
- Ўзбекистондан бир нечта клублар менга таклиф билан чиқишди. Менежерим орқали ва шахсан ўзимга боғланганлар ҳам бўлди. Лекин ўша пайтда менда айтиб ўтганимдек, бироз муаммолар бор эди. Ушбу таклифларни қабул қила олмагандим. Ҳозирда мен ишлашга тайёрман. Бир қатор музокаралар кетяпти. Менга Ўзбекистонга қайтиш ёққан бўларди. Ўзбек футболида жуда кўп иқтидорли футболчилар бор. Келажакда яхшигина ўсишга эришишлари мумкин. Тошкентда ўтказган вақтимдан жуда роҳатлангандим, менга ёққан. У ерда қисқа вақт мобайнида кўплаб дўстлар орттиришга эришдим. Футбол ичида ҳам, футбол ташқарисида ҳам айтиб ўтишим мумкин. Менинг оилам ҳам Ўзбекистондаги ҳаётидан роҳатланишди ва бахтли яшадик. Доим Ўзбекистон ва Тошкент ҳақида гап кетганида қувонч билан гаплашамиз ҳамда яхши кунларимизни эслаймиз. Шунинг учун юртингиздан бўладиган ҳар қандай таклифларни жиддий кўриб чиқишга ҳаракат қиламан.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар