Дўстларимга қўнғироқ қилиб, йиғлаб олишим мумкин... Жаҳон чемпиони Кафунинг таъсирли ҳикояси
Икки карра жаҳон чемпиони, Европа Чемпионлар лигаси ғолиби ва Роберто Карлос билан биргаликда қанот ҳимоячиларининг футболдаги ўрнини ўзгартириб юборган Кафу ёдингиздан кўтарилмадими? Ўтган аср охири ва XXI аср бошидаги ўйинлари билан мухлислар қалбидан абадий ўрин эгаллаган ҳимоячи футбол радарида кўринмай қолди. Хўш, бу йиллар оралиғида унинг бошидан қандай кунлар ўтди?
Қаҳрамонимиз негадир ўзини мураббийликда синаб кўришни истамади. У ўз қарорини қуйидагича изоҳлади: "Ҳар тонг уйғоняпман. Демак, мендан бахтли инсон йўқ". Фантастик карьерага қарамай, Кафу самимийликни тўлиқ сақлаб қолган. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Сиз уни турли хайрия ўйинларида, инсон ҳаётини яхшилаш учун очилган турли фондлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда учратиб қолишингиз мумкин эди. Барчаси идеал, барчаси ҳавас қилгулик даражада, бироқ 2019 йилда ўзгариб кетди...
2019 йилнинг ёзида Кафу қулоғигача қарзга ботгани ҳақидаги маълумотлар омма юзини кўрди. ОАВ томонидан бўлаётган босимни совуққонлик билан енгиб ўтган собиқ футболчи сентябрь ойида оғир жудоликка учради. Одатий баҳс трагедияга айланди. У ўғли Данило билан биргаликда ҳаваскорлар билан тўп тепиш мақсадида шаҳар четидаги майдонга йўл олди. Кафунинг ўғли атеросклероз (артериялардаги сурункали касаллик бўлиб, юрак ва қон айланиш тизимига салбий таъсир кўрсатадиган касаллик) билан оғрий бошлаганидан хабари йўқ эди. Шифокорлар икки кундан сўнг уни операция столига ётқизмоқчи эди. Афсус, Данило улгурмади.
"Ўша куни ота-бола вақтни мароқли ўтказиш мақсадида футбол ўйнашга қарор қилдик. Барвақт уйғондик ва стадион томон йўл олдик. У йўл бўйи мен билан футбол ҳақида суҳбатлашиб келди. Уни жуда яхши кўрар эдим. Меҳрибон ва оқ кўнгил йигит. Машина ҳайдаб кетар эканман, ўғлимга зимдан қараб олдим. Ич-ичимдан у билан фахрланишимни ҳис қилдим. Ўйин бошланди, биз бирга бир жамоада тўп тепдик. Танаффусдан сўнг у ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб, майдон четига чиқиб кетди. Мен ҳеч нарса бўлмагандек, яна ҳаракатда давом этдим. Кўп ўтмай, ўғлимга бир қараб қўйдим. У менга қўлини баланд кўтариб ёнига чақирди. Секин у томон ҳаракатланаётган эдим, бирдан ҳушини йўқотди. Қўрқиб кетдим. Тепасига келганимда, у қалтираб, типирчилай бошлади. Нима қилишимни билмай қолдим. Атрофдаги барча шок ҳолатида эди. Йиғлаб юбордим. Ўғлим қўлини менга узатиб, ёрдам сўрар, жуда ҳам азобланаётгани кўриниб турарди. Бир сонияда ўзимга келдим. Кўз ёшларим шашқатор бўлиб оқмоқда, қўлимда ўғлим. Машина томон югурдим. Вақтни бой бермаслик учун тезроқ ҳаракат қилишим керак. Ҳар бир сония мен Данилони ҳаётга қайтаришим учун олтинга тенг. Йўлда кўзимга ҳеч нарса кўринмади. Орқа ўриндиқда оғриқдан ғужанак бўлиб олган фарзандимнинг инграшини эшитарканман, машинани бор тезлигида ҳайдадим. 5 дақиқада шифохонага етиб келдик. Афсуски, бу вақт орасида унинг соғлиғи янада ёмонлашди. Шифокорлар уни ҳаётга қайтариш учун қўлидан келган барча ишни қилди, бироқ... Бир ярим соат жонлантириш бўлими эшиги тагидаги ўриндиқда ўтирдим. Кўзим бир нуқтага қаратилган. Ичим бўм-бўш. Ҳеч нарсани ўйлагим келмас, нуқул кўз олдимдан Данилонинг чақалоқлик давридаги кўриниши кетмас эди. Бирдан сесканиб кетдим. Ичимда нимадир узилгандек туюлди. Дарров тиз чўкиб, Яратгандан ўғлимни асраб қолишини ялиниб-ёлвориб сўрай бошладим. Кейин деярли бир аср давом этган сукунат бошланди. Қўлимдаги соат милларининг чиқ-чиқ этиб товуш чиқараётганини эшитиб ўтирдим. Бирданига жонлантириш бўлими эшиги очилди. Доктор олдимдан индамай ўтиб кетди. Ана шунда мен ҳаммасини тушундим. У мени хонасига чақирди. Барчасини тушундим, ҳаммасини англадим, лекин негадир умид учқуни қалбимни бир бурчагида сўнмаганди. Хонага кирдим.
Афсус, шифокорнинг кўзларидаги ёшни кўриб тушундим. Гапириш учун оғиз жуфтлаган эди, қўлимни лабимга қўйдим. "Жим!" дедим ва тўғри ўғлим ётган хонага йўл олдим. Уни қўлларини ушлаб, узоқ йиғладим. Оила аъзоларим келгани, мени олиб хонадан олиб чиқиб кетишаётганини ғира-шира эслайман.
Орадан анча вақт ўтганига қарамай, ҳали-ҳануз уни биз билан эмаслигини тан олмадим. Ҳафтанинг камида 5 кунида унинг қабри тепасига келаман. Суҳбатлашаман, оиламиздаги кулгили воқеаларни айтиб бераман. У билан узоқ суҳбат қураман. Ишонасизми, ҳали ҳам уйимиздаги унинг хонасига кира олганим йўқ. Баъзида эшик тагига келиб, чуқур нафас оламан. Унинг нафаси уфуриб тургандек туюлади. Унинг юраги хуруж қилган майдонга бошқа бормадим. Бунинг учун ўзимда куч топа олмаяпман. Биласизми, энг оғири нима? Ўғлингизни қабрга қўйгач, бошқа ҳеч қачон уни кўрмаслигингизни била туриб устига тупроқ тортиш. У эндигина 30 ёшга чиққан эди. Ҳали кўп нарсага улгурмаган ўғлимни ерга қўйдим".
Ачинарлиси шунда-ки, Кафу учун бу 2019 йил тайёрлаб қўйган сўнгги муаммо эмас эди. Октябрь ойида уни уюшган жиноий гуруҳ билан шерикликда гумон қила бошлашди. Полиция Бразилиянинг энг катта жиноий тўдаси борасида маълумотлар йиғишга тушиб кетди. Кафу барча айбловларни рад этди. Иш судга қадар етиб бормади. Ҳеч қандай далил топилмагач, уни ёпишди.
Ўғлининг ўлимини юрагига жуда яқин олган Кафуни ҳаётга қайтариш мақсадида атрофдаги дўстлари қўлидан келган барча ишни қилди. Қатар эса уни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йилдаги жаҳон чемпионатининг элчисига айлантирди. Кичик ўғли Веллингтон ва турмуш ўртоғи Режжина унинг руҳий ҳолати билан узоқ кураш олиб борди. 51 ёшга қадам қўйган қаҳрамонимиз Данилони йўқотгани рост, аммо миллионлаб мухлислар меҳрини ундан ҳеч ким тортиб ола олмайди!
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар