Достон Ҳамдамов "Бунёдкор"га қарши ўйин олдидан: "Дерби осон бўлмайди" (интервью)
"Қизилқум" билан ўйиндан кейин "Пахтакор" матбуот хизмати Достон Ҳамдамовнинг ўйинга оид фикрлари билан қизиқди.
- Охирги турларда жамоа ишончли ва чиройли ғалабаларга эришмоқда, ушбу ўйин ҳам бундан истисно эмас. Жамоа юқори суръатни ушлаб олди. Рақибларнинг очко йўқотиши жамоага анча устунлик берди. Ўйин олдидан жамоа қандай кайфиятда эди?
- Бизнинг ғалабалар жамоанинг машғулотлардаги меҳнати маҳсули, деб ўйлайман. Ғалаба қозониш ҳар доим ёқимли. Биз учрашув олдидан рақибларимиз ўйинига эътибор бермадик. Ушбу ўйин ҳақида ўйладик ва ўзимизга керак бўлган натижага эриша олдик.
- Жамоа биринчи бўлимдаёқ ўйин масаласини ҳал этгандек бўлди, лекин иккинчи бўлимда ҳам гол уришда давом этди. Таблодаги йирик ҳисоб бунга исбот. Жамоа иккинчи бўлимда ҳам ўйинни назорат қилиб туришига нима сабаб бўлди?
- Мураббийлар кўрсатмасига кўра, ҳужум қилишда давом этдик ва яна голлар урдик. Иштиёқ ҳам етарли эди. Йигитлар гол уришни истаётган эди ва шунга эришдик.
- Сўнгги турда пойтахт дербиси кутмоқда ва ўша ўйинда чемпионлик масаласи ҳал бўлади. Жамоада кайфият аъло даражада, лекин охирги ўйин осон кечмаслиги аниқ...
- Албатта, чемпионатни якунлаб берувчи баҳс олдинда бизни кутмоқда. Дерби осон бўлмайди, лекин барчаси ўз қўлимизда ва қандай натижа қайд этишимиз ўзимизга боғлиқ. Жамоа чемпионликни мақсад қилган. Чемпионликка эришиш учун қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга соламиз.
Манба: "Пахтакор" ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар