Достон Турсунов: "Агар йўл очилмаса, бошқа клубга ўтаман. Ахир мен ҳам ўйнашим керак-да"
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Достон Турсуновни унутиб қўймадингизми? У фаолиятини легионер сифатида четда давом эттираётганди. Аввалига Япониянинг “Ренофа Ямагути”, кейин Жанубий Кореянинг “Пусан Ай Парк” ва сўнгра Хитойнинг “Чунцин Лифан” клубида тўп сураётганди.
Афсуски, футболчимиз ўтган йилнинг охирларида жароҳат олиб сафдан чиқди. Шундан бери Турсунов ҳали майдонда кўриниш бергани йўқ. Лекин жароҳатини анча-мунча даволатди ва ҳозирда яхши ҳолатда.
Фақат бу ерда яна бошқа муаммо бор. Қолганини Sports.uz мухбири билан суҳбатда ўқишингиз мумкин.
- Хитойга кетиш муаммо бўляпти. Ўзим Тошкентда тайёргарлик кўриб турибман. Агар йўллар очилиб кетса, қайтиб кетаман. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Яна янгиликлар ҳам бўлиб қолиши мумкин, ёзда. Қани кўрамиз. Унгача ўзим шуғулланиб турибман, - дейди Турсунов.
- Янгилик бўлиши мумкин деганингиз бу клуб билан боғлиқми?
- Ҳа, клублар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хитойга йўллар ёпиқлиги учун ҳозирча кетишни имкони бўлмаяпти. Унгача жароҳатимни яхшилаб даволатиб ундан қутулмоқчиман. Унгача яна вақт бор.
- Клубингиз жароҳатингизни даволатаётган пайтингизда сизга қанчалик эътибор беряпти?
- Клубимга ҳам ҳозир вирус туфайли қийин бўляпти. Бундай пайтда ҳаммага оғир. Шу боис бу ерда ўзим ҳаракат қилиб турибман. Вазият яхши бўлиб кетар.
- Амалда шартномангиз бор...
- Ҳа, 2023 йилнинг охиригача.
- Агар кетмоқчи бўлсангиз клуб сизни трансферга қўядими? Бу борада масалани қандай ҳал қилмоқчисиз?
- Бу агентлар ҳал қиладиган масала. Ўзимнинг агентим бор. У шуғулланади. Боя айтганимдек, мабодо, вазият шу тарзда давом этиб, йўллар очилмайдиган бўлса, бошқа йўлни танлаймиз.
- Демак, клубдан кетишни режалаштиряпсиз экан-да?
- Йўл очилса бораман. Агар очилмаса бошқа жамоага ўтаман. Чунки мен ҳам ўйнашим керак-да. Мана, еттинчи ой кетяпти, балки саккизинчи ойдан ўйнашни бошларман.
- Достон, сизга аниқ таклифлар бўляптими?
- Ҳали аниқ таклиф йўқ. Ёзги трансфер ойнаси энди очилади. Ана шунда гаплашамиз.
- Сир бўлмаса, ўзимизни чемпионатга ҳам қайтишингиз мумкинми?
- Уни билмадим. Агентим ҳал қилади, барчасини. У билан муҳокама қиламиз. Ҳали вақт бор-ку.
- Анча вақт майдондан ташқарида қолиб кетаётганингиз сизга қийинчиликлар туғдиряптими?
- Футбол ўйнаб турган ўйинчининг четда бўлиб қолиши жуда оғир ва бу унга ҳар томонлама қийин бўлади. Футболни соғинасиз. Бу вазиятда ҳеч кимга осон эмас. Жароҳатга йўлиқиш жуда қийин. Худо хоҳласа, бир ойдан кейин ўйнайман деб умид қиламан. Ўзим алоҳида ишлаяпман. Жисмоний ҳолатимни яхшилаш устида тинмасдан меҳнат қиляпман.
- Олимпия терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги иштироки сизда қандай таассурот қолдиряпти?
- Йигитлар зўр ўйнашяпти, менга ёқди. Гуруҳдан муваффақиятли ўтишди. Бизга ўхшаб уларни ҳам чемпион бўлишини хоҳлаймиз. Осиё Кубоги ўзимизда қолишини жуда истайман. Бу йўлда терма жамоамизга омад тилайман.
- Осиё Кубогида бош совринни ютиш учун имкониятини хусусида нима деган бўлардингиз?
- Имконият яхши. Иккита учрашувини кўрдим. Ўйиндан-ўйинга очилишяпти. Жанубий Корея, Япония, Австралия каби термалардан ўтиб олса, у ёғи янада зўр бўлади ва чемпионликка эриша олишади. Бунга ишончимиз комил.
Фикрлар