Достон Турсунов: Осиё кубогида кутилмаган натижалар кўп бўлмоқда

"Уммонга қарши ўйинга таркибдаги барча футболчилар тайёр. Машғулотларда астойдил ҳаракат қиляпмиз. Асосий мақсадимиз Осиё Кубогини ғалаба билан бошлаш. Ўтган йил Хитойда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионатида Уммон дарвозасига гол киритиш насиб қилган ва ўша гол эвазига рақиб устидан ғалаба қозонгандик. Энди бу ишни миллий терма жамоа билан ҳам амалга оширмоқчимиз.

Ўша ўйинда стандарт вазият юзага келганда, мураббийимиз олдинга боришга кўрсатма бергандилар. Тўп жарима майдончасига оширилгандан кейин дарвозага зарба йўлланди, дарвозабон қайтарди. Кўп футболчилар бир жойга тўпланиб қолишганди. Шунга қарамай тўпни дарвозага йўналтиришга улгурдим. 

Осиё Кубогида кўплаб кутилмаган натижалар рўй беряпти. Бу ҳам бўлса жамоалар даражаси бир бирига анча яқинлашиб қолганини билдиради. Ҳар бир рақибга қарши жиддий тайёргарлик кўришимиз керак", - деди Достон Турсунов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!