Достон Турсунов: "Ўзимни яна хорижда синаб кўрмоқчиман"
Эрон чемпионатида тўп сурган легионерларимиз орасида ҳимоячи Достон Турсунов ҳам бор. У Хузистоннинг “Истиқлол” таркиби тўп сурди.
Ўз жамоаси сафида бир қатор беллашувларда иштирок этди ва ўзидан ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Эронда миллий чемпионат якунига етганидан хабарингиз бўлса керак. Sports.uz журналисти эса Турсунов билан боғланди.
- Достон Эрондаги фаолиятингиз қандай ўтди? Сиз учун ёқимли ва ёқимсиз тарафлари нимада бўлди?
- Эрондаги фаолиятим жуда зўр ўтди. Мен у ерга ўз спорт формамни қайтариш ҳамда жамоамга ёрдам бериш учун бордим ва барчаси яхши кечди.
- Хузистоннинг “Истиқлол” клубидаги шароитлар қандай эди? Бизникидан устун ёки камчилик томонлари бормиди?
- Шароитлари яхши. Бир сўз билан айтганда, футболга яхши эътибор беришади.
- Ҳимоячи сифатида эронлик ҳужумчилар сизга қанчалик хавф туғдира олдилар?
- Улар жисмонан жуда бақувват. Айтишим керакки, менга бундай ҳужумчилар ёқади.
- Кейинги режангиз қандай? “Истиқлол”ни тарк этдингизми?
- “Истиқлол” клуби билан 30 июнь куни шартномам тугади. Қолганини бироз дам олгандан сўнг ўйлаб кўрамиз.
- Эшитишимча, сизга таклифлар бор, масалан “Қизилқум”га ўтишингиз мумкинлиги ҳақида эшитдик. Бу ҳақиқатга айланяптими?
- Йўқ, бу ҳақида ҳеч қанақа хабар мавжуд эмас. Мен ўзимни яна хорижда синаб кўрмоқчиман.
- Эронда Ўрунов ва Машарипов анча кўзга ташланишди. Улар ҳақида Эронда нималарни айтишяпти?
- Ҳа, улар ҳам ўзларини жуда яхши томонлама кўрсата олдилар.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар