Достонбек Ҳамдамов: "Кейинги йил анча кучлироқ жамоани кўрасиз"

"Пахтакор" ярим ҳимоячиси Достонбек Ҳамдамов “Сўғдиёна”га қарши ўйиндан кейин "шерлар" матбуот хизматига интервью берди. 

- Достон, ноқулай ҳавода ўтган ўйин жамоага қанчалик қийинчилик туғдирди?

- Бугунги ўйин очколар бўйича жуда муҳим ўйин эди. Ўтган турда рақибларимиз қоқилишидан фойдалана олдик ва бугун уч очкони кўлга киритдик. Баҳсга яхши тайёргарлик кўрдик. Қилган харакатларимизга яраша бугун ғалабага эришдик деб ўйлайман.

- Жамоа биринчи дақиқалардан ҳужумкор ўйин кўрсатди. Беллашув бошидаёқ узоқ масофадан дарвозага тўпни "михлаб" қўйдингиз. Голингиз ўйинга қанчалик таъсир қилди?

- Чиройли гол урганимдан хурсандман, мен урган гол жамоага ғалаба қозонишда ёрдам бергани янада хурсанд қилади. Биринчи гол жамоанинг бугунги учрашувдаги вазифасини анча осонлаштирди. Рақибни ҳужум қилишга мажбур қилиб қўйдик, кейин эса бизда қарши ҳужумлар учун очиқ ҳудудлар пайдо бўла бошлади. Бу эса ҳужумларимизнинг хавфлироқ бўлишига ёрдам берди.

- Сўнгги учта ўйинда максимал натижага эришиб, чемпионлик сари курашни давом эттирмоқда. Охирги баҳслардан олдин жамоада кайфият қандай?

- Жамоада кайфият аъло даражада, машғулотларда анча ўсмоқда ва меҳнат қилмоқда. Қолган ўйинларда фақатгина ғалаба қозониш ҳақида ўйлаяпмиз ва биз буни уддалашимизга ишонаман. Мавсум биз учун қийин кечмоқда. Кейинги йил анча кучлироқ жамоани кўрасиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!