Драган Черан: "Пахтакор" билан бундай муваффақиятларга эришаман, деб ўйламагандим"

“Пахтакор” учун муҳим фигура бўлиб келган ва чемпионатимизнинг энг яхши легионери мақомини ўзида сақлаб юрган Драган Черан янги мавсумни энди бошқа клубда давом эттиради.

Унинг “Шерлар”ни тарк этиши ўзига яраша воқелик бўлди. У ўтган мавсумнинг охирги турларида жамоада кўринмай қолди ва якунда “Пахтакор”ни тарк этди. Драган клубдан кетиши ҳақида Sports.uzга интервью берди. Фақат "Насаф" ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

- Драган, сиз “Пахтакор” билан расман хайрлашдингиз. Ўзингиз учун қардрдон бўлиб қолган клубни тарк этиш оғир кечдими?

- Ҳа, ҳар қандай ўзгариш оғир кечади. Одамларга, шаҳарга, жамоадаги янги шерикларга кўникиш осон бўлмайди. Айниқса, бир ерда узоқ вақт қолиб кетганингдан сўнг буниси қийин бўларкан. Аммо ортга қайтаётганимдан жуда ҳам хурсандман. Чунки ўзим таниш бўлган муҳитда бўламан.

- Кетишингиз нима билан боғлиқ? Ҳаммаси Шацких билан келишмовчиликдан бошланганми?

- Клубнинг менга бўлган ишончсизлиги, устига устак “Пахтакор”ни умуман севмайдиган кишиларга суянишни ҳис этиш осонмас. Бахтга қарши раҳбарият барибир мендан воз кечди.

- Сиз кетма-кет 6 йилдан бери чемпионатимизда тўпурар бўлиб келяпсиз. Бу йил нималарга эришмоқчи бўляпсиз?

- Мен доимо, ҳар йили ўз жамоамга ёрдам бериш учун бор кучимни беришга одатланганман.

- Ўзингизни “Пахтакор”ни қаҳрамонларидан бири деб ҳисоблайсизми?

- Ўзимни “Пахтакор” афсонаси ё қаҳрамони, деб ўйламайман. Шунчаки, мен ҳар доим ўз ишимни бажарганман ва бундан завқ олганман.

- “Пахтакор”га келган пайтингизда бу ердаги фаолиятингиз шунчалик муваффақиятли бўлиши ҳақида ўйлаганмидингиз?

- “Пахтакор” билан бирга бундай муваффақиятларга эришаман, деб сира ўйламагандим. Клубдаги дастлабки ярим йил қийин кечган. Сўнгра ҳаммаси ўз изига тушди ва олти йил давомида жамоадаги ишларимдан ҳузур олдим.

- “Пахтакор”ни совринсиз қолишида ким айбдор?

- Бу савол менга эмас. Чунки клубда бу каби саволга жавоб берадиган одамлар бор. Афсус, аксар ҳолларда барча айбни ўйинчиларга ағдариб, ўзлари сувдан қуруқ чиқишга ҳаракат қиладиганлар топилади. Лекин бундай бўлмаслиги керак. Ҳар ким ўз мажбуриятларини ҳис этиши ва хатоларини тан олмоғи даркор.

- Олдингизда қандай таклифлар бор?

- Янги мавсум учун хизматимга қизиқиш билдирган жамоалар, мураббийлар етарли бўлди ва ўша одамларнинг ҳаммасига раҳмат айтмоқчиман. Уларнинг барчасини ҳурмат қиламан.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!