Драган Черан "Пахтакор" сафида Суперлигада 50 ўйинда 34 гол урди

"Пахтакор"нинг сербиялик легионери Драган Черан жамоа сафида Суперлигада 50-учрашувда майдонга тушди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

"Машъал" билан беллашув Черан учун "шерлар" таркибида Ўзбекистон чемпионатидаги юбилей 50-ўйинга айланди. Ушбу баҳсларда у 34 бор рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришди. Барча мусобақаларда эса унинг ўйинлари сони 70тага, киритган тўплари сони эса 45тага етиб улгурди. Чемпионат ўйинларида майдонга тушиш бўйича у хорижлик футболчилар орасида Кахи Махарадзе, Боян Миладинович, Гочгули Гочгулиев, Уче Ихеруоме, Аднан Ораховац ва Дарко Марковичдан кейин 7-ўринга кўтарилди. Хорижлик тўпурарлар орасида у аллақачон пешқадамга айланиб бўлган.

"Машъал" билан учрашувдан кейин Драган Черан ПФЛ томонидан март ойининг энг яхши футболчиси ва энг чиройли голи муаллифига аталган совринларни қабул қилиб олди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!