Дубайни забт этаётган ўзбекистонлик мураббийлар ҳақида эшитганмисиз?
Кўп йиллардан буён ўзбек спортчилари, яъни яккакураш усталари БААда ўз жангларини ўтказиб келмоқда. Бу борада спортчиларимизга араб заминида мураббийлик қилаётган Ҳасан ва Ҳусан Мажлимовлар яқиндан ёрдам бераётганлигини эшитамиз. Абу-Даби ёки Дубай шаҳрига бориб жанг қилган ўзбекистонлик спортчиларнинг барчаси ушбу инсонлар ҳақида илиқ фикрлар билдиради.
Биз ака-укалар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш учун Ҳасан Мажлимов билан боғландик ва уни суҳбатга тортдик. Қуйида ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз!
- Ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом. Ассалом-у алайкум.
- Сизлар ҳақингизда жуда кўп эшитганмиз ва анчадан буён интервью қилишни мақсад қилган эдик.
- Тўғриси, эътибор учун жуда хурсанд бўлдик.
- Демак, саволлар беришни бошласам бўлади?
- Албатта. Имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.
- Аввало, ўзингиз ҳақингизда бироз маълумот берсангиз?
- Биз 1987 йил 3 декабрда Тошкент шаҳри Миробод туманида таваллуд топганмиз. Мен ва Ҳусан Мажлимов “Динамо” спорт мажмуасида шуғулланганмиз. Мураббийимиз Асад Ўринов бўлган.
- Қайси спорт тури билан шуғуллангансизлар?
- Бир нечта жанговар спорт турларини айтишим мумкин. Жумладан, қўл жанги, бокс, кикбоксинг.
- Натижалар қандай бўлган?
- Қўл жангидан,адашмасам, 10-15 марта Ўзбекистон чемпиони, кикбоксингдан Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва жаҳон чемпиони бўлганмиз.
- Барчани араб диёрида мураббий сифатида қандай ўз ўрнингизни топганингиз ва клуб фаолияти қизиқтиради. Шу ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.
- Иккимизни бу ерга жангларга таклиф қилишганди. 2012 йил Дубайга келганмиз. К-1, кикбоксинг, бокс ва ММА бўйича турнирларда иштирок этиб юрардик. Шу тариқа, бу ерда мураббий бўлиб қолиб кетдик.
- Яқин йиллардан буён Бирлашган Араб Амирликлари промоушенларида ўзбекистонлик К-1, профессионал муайтай ва ММА жангчиларини иштироки кўпайиб бормоқда. Бунга бевосита сизлар сабабчи бўлмоқдасизларми?
- Ҳозир бу ерда жанговар спорт турларига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Кўплаб турнирлар ташкил қилинмоқда. Амирликда нафақат Ўзбекистондан келиб, балки асли ўзбекистонлик шароит тақозоси билан меҳмонхонада, турли ташкилотларда ишлайдиган, бизнес билан шуғулланадиганлар, умуман олганда, узоқ йиллардан буён шу ерда истиқомат қилиб, фаолият юритаётганлар ҳам машғулотлар олиб боришади. Улар мусобақаларда яхши натижа қайд этиб, юртимиз байроғини сарбаланд қилиб келишмоқда. Ўзбекистонда яшаётган маҳоратли спортчилар ва мураббийларнинг кўпчилиги билан ҳам яхши танишмиз, шунинг учун уларни ҳам турнирларга таклиф этамиз. Умуман олганда, қўлимиздан келганча ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Шунингдек, промоутерлик ишларини ҳам олиб борамиз. Биламизки, кўп промоутерлар спортчиларга жанг топиб бериб, гонорарнинг 20-30 фоизига эга чиқишади. Аммо биз бу масалада доимо спортчиларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз.
- Бу ерга ташриф буюрадиган спортчиларимизнинг такидлашича, уларни кутиб олиш, машғулотларидан ташкил этишдан тортиб бошқа ташкилий масалаларда ҳам барча шароитларни яратиб берар экансизлар. Бу сизларга молиявий қийинчилик туғдирмайдими?
- Қийинчилик? Аксинча хурсанд бўламиз. Бу ерга келаётган кўплаб спортчиларимиз инглиз тилини яхши билмайди. Шунинг учун бу борадаги масалаларни имкон қадар ҳал қиламиз. Ҳусан билан биргаликда уларни кутиб олиб жойлаштирамиз. Биз учун спортчиларимизнинг кўзидаги хурсандчиликни кўришнинг ўзи кифоя. Имкон борича уларга ёрдам беришга тайёрмиз!
- Дубайда “ТКММАFIT” дея номланган клубинглар бор экан. Бу шахсан ўзингларга тегишлими ёки ижара асосида фаолият юритасизларми?
- Бу залда ҳамкорликда ишлаймиз ва ҳамиша бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳусан иккимиз мураббий сифатида фаолият юритамиз. Қолаверса, “Majlimov team” дея номланган промоутерлик компаниямиз ҳам бор.
- Биламизки, Бобур, Жамшид Тагиев, Мавлуд Тифиев, Шаҳриёр Жўраев каби жуда кўп спортчиларимиз Дубайда жанг қилиб келмоқда. Яна қайси ўзбекистонлик кўзга кўринган яккакураш усталарини бу ердаги жанг кечаларига таклиф қилиш ёки жанг ташкил қилиб бериш ниятидасизлар?
- Ўзбекистонда маҳоратли спортчилар жуда кўп. Биласизми, агар уларни санасак, 200 га яқин бундай жангчиларимиз бор. Насиб қилса, барчасини аста-секин катта турнирларга олиб чиқиш ниятидамиз. Барча имкониятларимиздан фойдаланган ҳолда мақсадларимизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Ўзбекистонни қайси ҳудудидан бўлмасин , биз уларга ёрдам беришга тайёрмиз. Ҳамма вилоятлардан қўл остимизда шуғулланаётганлар бор. Биз битта Ўзбекистонмиз ва ҳар қандай турнирларга кўпроқ ватандошларимизни олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Ўйлаймизки, биз туфайли катта-катта ареналарда жанг қилаётганлар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилади!
- “UAE Warriors” промоушени билан алоқангиз жуда яхши экан. Унинг қайсидир турнирини Тошкентда ўтказишнинг имкони борми?
- Бу ММА промоушени бўлиб, нуфузи ҳам юқори... Дана Уайт, Ҳабиб Нурмагомедов ҳам ташриф буюрди. “UAE Warriors”да жанг ўтказиб, кейинчалик UFC билан кўплаб жангчилар шартнома имзоламоқда. Ҳозирча фақат Абу-Даби ҳамда Дубайда турнирлар ташкил қилмоқда. Эҳтимол, вақти келиб, Ўзбекистонда ҳам ўз жанг кечасини ўтказиб қолар...
- Сиз билан бирга машғулотлар ўтказаётган ўзбекистонлик спортчилар яхши натижалар қайд этмоқда. Айтингчи, ушбу ҳамюртларимизга маҳаллий промоутерлар ва менежерлар қанчалик қизиқиш билдирмоқда?
- Айтиш керакки, барча мусобақаларимизда кўплаб ўзбекистонлик жангчилар иштирок этди. Уларнинг ҳаракатлари барчага ёқди. Биринчи навбатда, улардаги тартиб ва интизом маъқул тушди. Бу спортчиларимизнинг энг яхши ҳислатларидан биридир. Ҳамиша ўз вақтида машғулотларга келишади, вазн борасида ҳам муаммоларни кузатмаймиз. Албатта, бундай жангчилар ҳар қандай промоутерга ёқади. Баъзи спортчилар борки, улар бу масалага масъулият билан ёндошмайди. Вақтида машғулотларда иштирок этмайди, вазн қила олмайди. Қувонарлиси, йигитларимиз бу мавзуга профессионал тарзда ёндошади. Хуллас, уларга бўлган қизиқиш жуда юқори.
- Ажойиб суҳбат ва маълумотлар учун ташаккур!
- Сизга ҳам катта раҳмат. Юртимиз довруғини янада юксакларга кўтарувчи шогирдлар тайёрлашга ҳаракат қиламиз!
Фикрлар