Дунёда Бразилия, Марказий Осиёда эса Ўзбекистон. Гап нима ҳақида кетяпти?
Футбол статистикаси ва тарихини ўрганувчи CIES халқаро маркази футбол оламидаги легионерлар сонини ҳисоблаб чиқди.
Унга кўра энг кўп легионер Бразилиядан. Айни дамда 1600 нафар бразилиялик футболчи дунё клубларида тўп сурмоқда.
Кучли учликдан эса Франция (1027) ва Аргентина (972) жой олди. Ушбу давлатлар легионерлар ҳисобига кўра Англия (565), Испания (559), Сербия (521), Германия (480), Колумбия (467), Хорватия (446), Нигерия (399), Уругвай (383), Голландия (368) ва Португалияни (362) сезиларли тарзда ортда қолдиришмоқда.
Ўзбекистон эса ушбу рўйхатда 81-ўринда қайд этилди. Ҳозирги пайтда 28 нафар ўзбекистонлик футболчи хорижда тўп сурмоқда. Уларнинг 75% олий дивизионларда тўп суришади.
Осиё қитъасини оладиган бўлсак, айни дамда энг кўп легионер Япониядан. Кунчиқар юртдан 161 нафар футболчи хориж клублари аъзоси ҳисобланади.
Кучли учликда эса Австралия (124) ва Жанубия Корея (121) қайд этилди. Ўзбекистон (28) қитъада Эрон (28) билан 5-6 ўринларни бўлишиб турибди.
МДҲ давлатлари орасида легионер етиштириш бўйича ҳозирча Украинага тенг келадигани топилмаяпти. Айни дамда 250 нафар украиналик футболчи ўз давлатидан ташқарида ҳаракат қилмоқда. Кейинги ўринда эса Россия бормоқда. Уларнинг 230 нафар футболчиси хорижий чемпионатларда ўйнамоқда.
Марказий Осиё давлатлари орасида энг кўп легионер Ўзбекистондан эканлиги қувонарли. Кейинги ўрин эса Қирғизистонга тегишли. Уларнинг 9 нафар футболчиси легионер мақомини олган. Қозоғистон ва Тожикистонда 8 нафардан легионер бор. Бор йўғи 5 нафар туркманистонлик футболчи хорижда ўйнамоқда.
Фикрлар