Дунёга машҳур «ESPN» канали «Машъал» футболчисидан интервью олди
Қуйида ушбу суҳбатнинг таржимасини ҳавола этамиз:
Нигерия терма жамоаси бош мураббийи Гернот Рор «супербургутлар» билан 2016 йилдан бери ишлаб келади. У терма жамоада нафақат Европа ҳавосидан нафас олган машҳур футболчилар, балки миллий чемпионатда тўп сурадиган ўйинчиларга ҳам имкон беришга интилади. У маҳаллий иқтидорларни фақат йиғинларга жалб қилибгина қолмай, уларга топ жамоалардан терма жамоага жалб қилинган футболчилар билан очиқ рақобатга киришишларини таъминлайди.
Биз мана шундай имкониятга эга бўлишга улгурган, «Акуа Юнайтед» жамоасининг собиқ футболчиси ва ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган Ифеанйи Ифеанйи билан боғланишга муваффақ бўлдик.
Ўзбекистон Суперлигаси вакили «Машъал» шарафини ҳимоя қилаётган футболчи терма жамоа мураббийи ҳақида қуйидагича фикр билдирди:
«Мен ҳақиқий тенг курашга эга бўлганман. Рор менга ўзимни синаб кўриш учун имкон берди. У мени терма жамоадан кетказмади, менинг ўзим барчасини тўғри қабул қилдим. Таянч ярим ҳимоячиси амплуасида мендан ташқари 5 нафар футболчи бор эди. Барчаси Европада ўйнайди. Табиийки, мен четга чиқдим. У кетишимдан аввал ҳам ўйиним унга ёққанини айтиб ўтди. Мен уни тўғри тушундим. Ундан миннатдорман. Гернот менга терма жамоа сафида шуғулланиш завқидан баҳраманд бўлиш имконини берди».
Ифеанйининг позициясидаги рақобатчилари Жон Оби Микель, Уилфрид Ндиди, Этебо, Огенйи Онази ва Жон Огу эди. Очиғини тан олганда, юқоридаги футболчиларни заҳирага ўтказиб қўйиш учун Ифеанйи «Акуа Юнайтед» сафида ғайриоддий ўйин кўрсатиши керак эди.
«Мен йиғин давомида кўп нарсани ўргандим. Футболчи ва инсон сифатида ўсишга эришдим. Мен миллий чемпионатда нимадир чиқара олмаслигимни ҳис қилдим. Европада тўп сурадиган йигитларга қарши, айнан ўша ерда ўйнаб, курашишга қарор қилгандим. Рорнинг ишлари табиий. У аввало легионерларга қўнғироқ қилади. Бир гал мен унинг олдидалигимда «Падерборн»дан Жамилу Коллинсни чақирди. У билан муаммо чиқди чоғи, кейин миллий чемпионатдан футболчи жалб қилди.
Аввалроқ, германиялик мутахассиснинг ўзи каналимизга интервью бериб, футболчиларни саралашда нималарга эътибор беришини айтиб ўтганди:
«Футболчиларни танлашда мен эътибор берадиган энг биринчи ва муҳим жиҳат бу сифат масаласи. Доим легионерлар билан ўйнай олмаганингиздек, миллий чемпионат вакиллари билан чегараланиб қолиш ҳам ярамайди. Балансни сақлай билиш муҳим», - деган эди Гернот.
Ифеанйи Ўзбекистон Суперлигаси ва Нигерия Профессионал Лигаси (НПЛ) ўртасидаги тафовутлар ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтди:
«Нигерияда жамоанинг машғулот залида шуғулланаётганини кўриш қийин. Кўп жамоаларда машғулот базаси рисоладагидек эмас. Ўзбекистонда эса ҳар бир позицияда ўйновчи футболчилар билан ишловчи махсус мураббийлар бор. Кунига уч маҳал машғулот, кунлик дастур мавжуд.
Ўзбекистонда футбол ўйнаш учун анча қулай шароитлар яратилган. НПЛ билан фарқ катта. Ҳаттоки, фойдаланиладиган тўплар ҳам бу ерда сифатли. Ундан ташқари, деярли барча стадионлар табиий чим билан қопланган. Сифатли футбол муҳитида ўйнаш сизнинг ўйинингизга ҳам қўшимча жозиба беради», - дейдифутболчи.
Биз Ифеанйига Ўзбекистондаги фаолиятида омад тилаб қоламиз.
«ESPN» каналидан
Абдулвосид Валихонов таржимаси
Фикрлар