Душан Мичич: Натижаларнинг ёмонлашиши
Ads

Ушбу мавсум аввалида Олий Лига вакили "Бунёдкор" жамоасига келиб қўшилган футболчи Душан Мичич давралар оралиғида қалдирғочлар сафини тарк этди.

Бунёдкор клубининг собиқ бош мураббийи Сергей Лушчан таъбири билан айтганда, "марказий ҳимояда ҳам, таянч ярим ҳимоясида ҳам тўлақонли ҳаракат қила оладиган сербиялик легионер футболчи" нима сабабдан "Бунёдкор" билан шартномани бекор қилганини маълум қилди.

SPORTS.uz ахборот портали Душан Мичич билан интервью ўтказди.

Мавсум аввалида "Бунёдкор" сафига келиб қўшилганингизда, барча Душан Мичични клубнинг асосий футболчиларидан бири бўлишига тахмин қилишган эди. Бироқ вақт ўтиб бу тахмин ўзини оқламади. Бунга нима сабаб бўлди? Нима учун ёрқин ўйин кўрсатиб, жамоани олға бошлай олмадингиз?

– "Бунёдкор"даги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилмадим. Мен асосан таянч ярим ҳимояда ўзимни эркинроқ ҳис этаман ва ўзим хоҳлагандек тўп сура оламан. Бироқ собиқ бош мураббий Сергей Лушчан жамоада марказий ҳимояда ўйнай оладиган яхшироқ футболчи топа олмади ва шу сабабли ушбу позицияда ўйнашга мажбур бўлдим.

Душан Мичич “Бунёдкор”ни тарк этди

"Бунёдкор" Осиё чемпионлар лигаси ва Олий лига баҳсларида қониқарсиз натижа қайд этди. Нима деб ўйлайсиз, барча айбни бош мураббийдан қидирган маъқулми?

- Мавсум аввалида клуб билан бир йиллик шартнома имзолаган эдик. "Бунёдкор" билан кўплаб ғалабаларни қўлга киритишни мақсад қилиб қўйган эдим. Дастлабки ўйинларда яхши ўйин кўрсата олдим деб бемалол айтишим мумкин. Аммо ички муҳит ёмон томонга ўзгарди ва бу бевосита кетма-кет мағлубиятларга сабаб бўлди. Айтиш мумкин, жамоа негизини ёш футболчилар ташкил этади, аммо асосий муаммо бу бошқарув тизимида эди.

- Оддий мисол, "Бунёдкор" бу йилги Осиё чемпионлар лигасини гуруҳ босқичида якунлади. Клуб бюджетини бўшаб қолганлигини сабаб бош мураббий таркибга тажрибали ўйинчиларни қўшиб олиш имкониятига эга бўлмади. Бир сўз билан айтганда, натижаларнинг ёмонлашиши "Бунёдкор"клуби бюджетини бўшаб қолганлиги билан боғлиқ. Тўғри, "плей-офф"да "Ал Жаиш"ни мағлуб этдик. Бироқ гуруҳ босқичидаги рақибларимиз биздан ҳар қандай жабҳада устунлик қилди.

"Бунёдкор" клубидаги ўзгаришлар бирор-бир самара бера оладими?

- Жамоа раҳбарияти ўзгарди, янги мураббий иш бошлади ва барчаси яхши томонга ўзгаришни бошлади. Умид қиламан, тез орада  яхши натижалар қайд этилади ва турнир жадвалидаги мавқейини тиклай олади.

Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, "Бунёдкор" билан бир йиллик шартнома имзолаган эдингиз. Бироқ шартнома муддати якунига етмасдан жамоа билан хайрлашдингиз. Раҳбарият ёки бош мураббий томонидан эътирозлар бўлмадими? Қисқача қилиб айтганда, қолишингизни хоҳлашмадими?

– Янги мураббий этиб Миржалол Қосимов тайинлангач, ўйин тактикаси ўзгарди. Ўйин амалиётисиз қолиб кета бошладим, бунинг устига кичик-кичик жароҳатлар. "Бунёдкор"дан кетиш ҳақида қароримни айтганимда ҳеч ким эътироз билдирмади ва ушбу қарор икки томон учун ҳам фойдали бўлди деб ўйлайман.

"Бунёдкор" билан шартномани бекор қилгач, кейинги фаолиятингизни қайси клубда давом эттиришни мақсад қилгансиз?

– Ҳозир Сербия Супер лигасининг "Радник" клубида тўп сурмоқдаман. Тўғри, ушбу жамоадаги дебютим омадли бўлмади. Чемпионат етакчиларидан бирига қарши ўтган учрашувда кетма-кет тўртта гол ўтказиб юбордик. Аммо бу натижа сабаб футболга бўлган иштиёқим сусайиб қолгани йўқ. Сербия ва Ўзбекистон чемпионатини бир-бирига таққослаш бу мушкул вазифа, лекин бу ерда тўп сураётганимдан бахтиёрман.