Дзюдо: 2 нафар вакилимиз медаллар учун курашдан чиқди, ягона умид Матниёзовадан
Ads

Осиё ўйинларининг бугунги кунги баҳслари дзюдочиларимиз учун бироз омадсиз ўтмоқда.

Кун аввалида  вакилларимиз эркаклар ўртасида -73, -81 кг; аёллар ўртасида -70 вазн тоифасида баҳсларга киришган  бўлса-да, йигитларимиз меддалар учун курашда муддатидан аввал имкониятни бой бериб қўйишди.

Хусусан, -73 кг вазн тоифасида Ғиёсжон Бобоев чорак финалда БАА вакили Виктор Сквортовга имкониятни бой бериб қўйган ҳолда, бронза медали учун курашиш имкониятини сақлаб қолганди. Бироқ, бронза медали учун ўтказилган ўтиш босқичида ҳам Шимолий кореялик Чол Гван Ким тўсиғидан ўта олмади.

Шунингдек, -81 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз Шарофиддин Болтабоев ҳам аввалига чорак финал босқичида япониялик тажрибали спортчи Такеши Сасаки тўсиғидан ўта олмади. Бронза медали учун ўтказилган ўтиш босқичида эса полвонимизга мўғулистонлик Уганбаатар Отгонбаатар тўсқинлик қилди. 

Бундан ташқари, -70 кг вазн тоифасидаги аёллар ўртасидаги ярим финал баҳсида яна бир ҳамюртимиз Гулноза Матниёзова Сонгеон Кимга қарши татамига кўтарилди. Афсуски, ушбу баҳсда ҳам кореялик спортчининг қўли баланд келди. 

Қайд этиш лозим, Гулноза бронза медали учун баҳсда хитойлик Я Жу тўсиғини енгиб ўтиши лозим.