ЕЧЛ. "Барса"дан ташқари ҳамма испан клублари учун омадсиз келган тур

Чемпионлар лигасининг иккинчи туридан ўрин олган барча учрашувлар ўз ниҳоясига етди. Ушбу тур испан клублари учун омадсиз келди. Сабаби, деярли барча жамоа мағлубиятга учради. 

"Жирона" 

"Жирона" 5 та гол урилган ўйинда "Фейеноорд"га таслим бўлди. Учрашувни мезбонлар яхши кайфиятда бошлади. Дастлабки дақиқаларданоқ Мишель шогирдлари олдинга ўтишди. 19-дақиқада Лопес рақиб жарима майдончаси ичида рўй берган тартибсизликдан сўнг ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Орадан кўп ўтмай меҳмонлар жарима зарбасига эга бўлишди. Ичкарига узатилган тўпни эса Эррера ўз дарвозасига жойлаб қўйди, 1:1. 33-дақиқада Игор Миламбони жуда яхши вазиятга чиқариб юборди ва ярим ҳимоячи вазиятдан унумли фойдаланиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. 3 дақиқадан кейин каталонияликлар ҳимояда қўпол хатога йўл қўйишди ва "Фейеноорд" ҳисобига пенальти белгиланди. Аммо Уэда уни голга айлантира олмади. Иккинчи бўлим бошида Ван де Бек гол уришга муваффақ бўлганди, лекин офсайд сабаб ҳисоб ўзгармади. 67-дақиқада Миловски 11 метрлик жарима зарбасини голга айлантира олмади. "Жирона"нинг ҳужумлари эса хавфлилашиб бораверди. 73-дақиқада Данжума ажойиб рейди билан ичкарига кириб борди ва Ван де Беккка пас берди. Ярим ҳимоячи эса тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Бироқ, яна бир автогол эвазига испан клуби мағлубиятга учради. 

Шу тариқа, "Жирона" турнир жадвалида 30-ўринга тушиб кетди. Жамоа ҳали Чемпионлар лигасида очко ололгани йўқ. 

"Атлетико"

Кутилмаганда "матрасчилар" сафарда "Бенфика"дан "тарсаки еди". Португаллар меҳмонларни умуман аяб ўтиргани йўқ. Дастлаб, Актюркоглу Облакни ожиз қолдирган бўлса, Ди Мария пенальтидан фарқни иккитага ошириб қўйди. Шундан кейин 75-дақиқада бурчакдан узатилган тўпни Ба боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Сўнгги дақиқаларда эса Кёкчю ҳам пенальтини голга айлантириб, ўйинга батамом нуқтани қўйди. "Атлетико" эса учрашув давомида битта голга етарлик вазият ярата олгани йўқ. Жамоа атиги 4 марта зарба йўллаган бўлса, шулардан биттаси ҳам аниқ бўлгани йўқ. "Мадрид дербиси" Симьоне шогирдларига ўз таъсирини ўтказмай қолмагани шу ердан маълум бўлди. "Айбни ўз бўйнимга оламан", - деди бош мураббий баҳсдан кейин.

"Атлетико" мазкур мағлубиятдан кейин турнир жадвалида 23-ўринга тушиб кетди.  

"Реал"

Яна бир кутилмаган ўйинлардан бири "Реал" билан бўлиб ўтди, яъни Францияда жамоа "қоқилди".

Биринчи тайм сўнггида тўп жарима майдончаси ичида Камавинганинг қўлига тегди ва ҳакам ВАР орқали текширувдан кейин пенальти белгилади. Дэвид Куртуани бошқа томонга йўналтирди ва беллашувдаги ягона голни урди. Иккинчи бўлимда "қаймоқранглилар" қанчалик фаолликни оширмасин, барибир гол бўлгани йўқ. "Лилль"нинг 22 ёшли дарвозабони Шевалье ўйин қаҳрамонига айланиб кетди. У 5 та сейв амалга оширган бўлса, шулардан ҳаммаси жарима майдончаси ичидан берилган зарбалар эди. Захирадан ўйинга қўшилган Мбаппеда эса битта ҳам имконият бўлгани йўқ. 

Шу билан Мадрид клубининг 14 та ўйинлик мағлубиятсиз серияси ўз якунига етди. Сўнгги марта клубни "Манчестер Сити"га 2023 йил 18 май куни 4:0 ҳисобида таслим бўлган. 

"Барселона"

Ушбу турда Испаниядан фақатгина "Барселона" 3 очкони қўлга кирита олди. Флик шогирдлари "Янг Бойз"га жавобсиз 5 та гол уришга муваффақ бўлди. 8-дақиқаданоқ Рафиньянинг пасини Левандовски голга айлантирди, биринчи тайм сўнггида Рафиньянинг ўзи дарвозани ишғол қилган бўлса, Инигьо ҳисобни йириклаштирди. 51-дақиқадан Левандовски дублни расмийлаштирди. Сўнгги дақиқаларда бўлса Камара автогол урди. Шу тариқа, каталонияликлар янги Чемпионлар лигасидаги илк ғалабасига эга чиқишди ва турнир жадвалида 16-ўринга чиқиб олишди. 

"Барселона"ни 3-турда "Бавария"га қарши баҳс кутиб турибди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!