ЕЧЛ. “Реал”, “Ливерпуль” ва “Манчестер Сити” иштирокидаги ўйинлар учун превью

“Кўҳна қитъа”да футбол қизигандан қизиб боряпти. Миллий биринчиликларда жорий мавсум қайси жамоа ғолиб бўлишини олдиндан тахмин қилиш амри маҳол. Албатта, Франция биринчи дивизиони бундан мустасно. Шунингдек, Германия Бундеслигасида ҳам маълум бўлиб улгурган икки жамоа ўртасида чемпионлик масаласи ҳал бўлади. Аммо ушбу блогда на француз ва на немис футболига асосий эътиборни йўналтирамиз. Асосий қаҳрамонларимиз икки энг кучли чемпионатнинг етакчи жамоалари. Уларнинг ўйинлари алоҳида таҳлилга арзийди. Бошладик!

“Боруссия” Мюнхенгладбах - “Реал”

“Боруссия” Мюнхенгладбах

Ушбу клуб Германия Бундеслигасида 5 та тур якунига кўра, 6-поғонани банд этиб турибди. Дастлабки турда дортмундлик “адаш”ларига йирик 0:3 ҳисобида имкониятни бой бергач, бирмунча текис ўйин намойиш этиб келишмоқда. “Интер” билан кечган ўйинда эса, биз немис клубини ўзимиз учун қайтадан кашф қилдик, дея оламиз. Марко Розе “неррадзурилар” ўйинидаги хатолардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, жамоасига қарши ҳужумда қандай ҳаракат қилиш кераклигини танаффусда яхшилаб уқтиргандек кўринди. Сабаби, биз иккинчи таймда, айниқса, ақлли футбол кўрсатган жамоани кўришга муваффақ бўлдик. Афсуски, бироз тажриба ва ирода етишмади ва “қотил” Лукаку навбатдаги ўлжаси сифатида мюнхенгладбахликларни жазолади. 

Бугун улар қаршисида тушунарсиз “Реал” турибди. “Бланкос” ҳақида батафсил тўхталамиз, аммо бугун Розе ЕЧЛ қиролларига қарши қандай тактик ишланмаларини намойиш этиши кўпчиликни қизиқтираётган бўлиши табиий.

Тахминий таркиб: Соммер, Лайнер, Элведи, Гинтер, Бенсебайни, Крамер, Ньюхаус, Хофманн, Штиндль, Тьюрам, Плеа.

Иштирок эта олмайди: Закариа, Поулсен.

Сўроқ остида: Бенес, Бейер, Лацаро.

image_2020-10-27_22-25-33

“Реал”

Юқорида бежиз “галактикос”ни тушунарсиз, дея таърифламадим. Бу жамоа бир қарасанг, “Шахтёр”дан енгилади, яна бир қарасанг, “Камп Ноу”да “Барса”ни қақшатиб қайтади. Зиданнинг истеъфоси ҳақидаги гаплар ҳам бирданига йўқолиб, ўрнига унинг ПСЖ билан боғлангани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлади. Топ-клубларда бош мураббийлик қилишнинг оғир қисмати ҳам шу бўлса керак.

Рамос кутилмаган тезкорликда жароҳатидан фориғ бўлиб қайтди ва “эл-класико” қаҳрамонига айланди. Ушбу турда “Боруссия” Мюнхенгладбахга имкониятни бой беришга мадридликларнинг ҳаққи йўқ, гўё. Акс ҳолда, тасаввур қилиш нақадар қийин бўлмасин, “Реал”нинг гуруҳда қолиб кетиш эҳтимоли 2 баробар ошиб кетади. Сабаби, келгуси иккита турда ҳақиқий рақиб - “Интер” уларга рўбарў келади. Конте сиймоси эса, ҳар қандай жамоани “Қироллик клуби” учун хавфли рақиб даражасигача кўтара олиш қобилиятига эга. 

Тахминий таркиб: Куртуа, Васкес, Варан, Рамос, Менди, Модрич, Валверде, Каземиро, Кросс, Бензема, Винисиус.

Иштирок эта олмайди: Карвахаль, Одриосола, Мариано, Начо, Эдегор. 

image_2020-10-27_22-27-13

Марко Розе: “Биз “Интер”га қарши қандай ҳурмат билан ўйнаган бўлсак, “Реал”га ҳам шундай муносабатда бўламиз. Биз ушбу ўйиндан жуда кўп позитив жиҳатларни топишимиз мумкин. 

Бу каби юлдузли жамоа ва Зидандек мураббийга қарши кураш олиб бориш мен учун шараф. Унда етарлича тажриба ва маҳорат мавжуд. 

Бизнинг жамоада тарих ва анъаналар юқори роль ўйнайди. Аммо олдимизда турган баҳсда бу бизга ҳеч қандай ёрдам бермайди. Биз бугунги кунга бор эътиборимизни қаратганмиз. Бизни юқори савияли таркибга эга бўлган жамоага қарши кечадиган қийин ўйин кутиб турибди”.

image_2020-10-27_22-29-39

Зинедин Зидан: “Иккинчи тур олдидан қандай ҳолатда эканлигимизни тўлиқ англаб турибмиз. Биз 90 дақиқа мобайнида эътиборимизни бир ерга қаратишимиз ва хушёр ўйнашимиз зарур. Бу жуда қийин кечадиган жараён. 

“Эл-класико”да биз намойиш этган ўйин олдимизда турган муҳим ўйинда такрорлашимиз учун яхши бир намуна. Биз жамоа сифатида курашдик ва ушбу ишни Чемпионлар Лигасида ҳам такрорлашимиз зарур, деб ўйлайман.

image_2020-10-27_22-28-31

“Марсель” - “Манчестер Сити”

ElQJ5PBXYAAs9eN

“Марсель”

Франциянинг манзарали ва порт шаҳарларидан бири ҳисобланувчи Марселда футболни жуда хуш кўришади. Жамоа Лига 1 нинг доимий грандларидан бири ҳисобланади. Аммо сўнгги пайтларда юзага келган ПСЖ гегемониясидан ушбу клуб ҳам жабр кўриб келмоқда. Қатар шайхларининг миллионлари кириб келмасидан аввал, “Марсель”, “Лион”, “Лилль”, “Бордо” ва шу каби клубларнинг чемпионлик учун кураши анча қизиқарли кечарди. Марселликлар эса улар орасида энг совриндор жамоалардан бири саналарди. 

Андре-Виллаш Боаш қўл остига ўтгач, жамоада ўсиш процесси кузатилмоқда. Чин ўлкасигача бориб, тажриба ошириб қайтган португалиялик мутахассиснинг Европа футболини соғингани ҳам бунга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Булар бари ўтган мавсумда якунланмай қолган чемпионат якуни ҳақидаги фикрлар. Жорий мавсумда Боаш ва унинг жамоасида ишлар кўнгилдагидек эмас. Ҳа, ПСЖ мағлуб этилди. 2 та дуранг “Лион” ва “Лилль”га қарши беллашувларга тўғри келади. Аммо “Мец”ни енга олмаслик, “Сент-Этьен” ва “Олимпиакос”дан қабул қилиб олинган мағлубиятлар мухлисларни ранжитиши табиий. 

Бугун улар катта синов ва яна бир “қоп-қоп пуллар” эвазига кучайган жамоага қарши туришига тўғри келади. 

Тахминий таркиб: Манданда, Сакаи, Алваро, Цалета-Цар, Амави, Ронжье, Камара, Сансон, Тавен, Бенедетто, Пайе.

image_2020-10-27_22-32-51

“Манчестер Сити”

АПЛ жорий мавсуми ҳар галгидан ҳам қизғин ўтмоқда. Мусобақа жадвалига қарар экансиз, бирорта мағлубиятга учрамаган жамоани топа олмайсиз. “Манчестер Сити” ҳам сўнгги турда “Вест Хэм” билан очколарини бўлишишга мажбур бўлди. Гвардиоладан шайх Мансур ва “шаҳарликлар” мухлислари АПЛ чемпионлигини эмас, ЕЧЛ ғолиблигини кутишмоқда. Испаниялик мутахассиснинг ўзи ҳам мавқейи ва мураббийлик салоҳиятини намоён эта олиш учун “шалпангқулоқ”ни ютмаса бўлмайди. 

Жорий мавсум у учун ҳам катта эҳтимол билан сўнггиси бўлиши мумкин. Айнан мана шу йил унинг ЕЧЛ бош совринини боши узра баланд кўтариши учун ҳар томонлама мос келади. Ҳимоядаги муаммолари учун унга яна 100 млндан ортиқ маблағ тақдим этилди. Бу йилги таркиб ҳар жиҳатдан чемпионлик талабларига жавоб бера олади. Барчаси Пепнинг ўзига боғлиқ. 

Тахминий таркиб: Эдерсон, Канселу, Диаш, Льяпорт, Зинченко, Де Брюйне, Родри, Гюндоган, Маҳрез, Фоден, Стерлинг.

ElSAMIwX0AARYQ4

Андре Виллаш-Боаш: “Биз ўзимизнинг доимий машғулот режамиз бўйича тайёргарлик кўряпмиз. Биз имкон борича, “Манчестер Сити”нинг ҳар бир ўйинини кузатиб чиқдик. Улар Премьер-лигадаги улкан рақобатда шаклланган жамоа ва уларни Ер юзидаги энг яхши клублардан бири, деб биламан. 

Дмитри Пайе бизнинг энг муҳим футболчимиз. Биз доим айтиб келганмиз ва буни ўзи ҳам жуда яхши билади: у янада кучлироқ ўйин намойиш эта олади. Аммо барча нарса унга боғланиб қолмаган, бу - жамоа. 

Пеп доим сизни ҳайратда қолдира олади. “Сити”га қарши баҳсдаги энг қийин нарса бу - уларнинг мослашувчанлиги”.

image_2020-10-27_22-35-06

Хосеп Гвардиола: “Мен Виллаш-Боашни “Порту”да ишлаган кезлари кузатиб борганман. У жуда ажойиб ишларни амалга оширганди. Мен у билан Барселонада учрашганман ва кичик суҳбат бўлганди. У тажрибали мураббий, Премьер-лига ҳақида кўп нарсаларни билади. У ҳали жуда ёш мураббий. Келажакда катта натижаларга эришиши мумкин. “Марсель”да у катта иш бажаряпти”. 

image_2020-10-27_22-35-46

“Ливерпуль” - “Мидтьюлланн”

ElQUOM5XIAAfDZh

“Ливерпуль”

Мерсисайдликлар аста-секинлик билан ўз ҳолатига қайтмоқда. Аммо бу қайтиш Ван Дейкнинг йўқотилиши эвазига бўлмоқда. Мавсум бошидаги интервьюларда Юрген Клопп ўтган мавсумдаги чемпионлик кайфиятидан буткул воз кечганлари ва янги ғалабалар сари олдинга юришда давом этишлари ҳақида гапирди. Аммо амалда барчаси тескари кўриниш олди. Чемпионшипдан чиқиб келган жамоа 3 та, АПЛда аранг жон сақлаб қолган клуб эса 7 та гол уриши нормал ҳолат эмас. Қишгача жамоа талафотларсиз етиб бора олиши жуда муҳим. Трансферлар ойнаси вақтида бир амаллаб, ўринбосар ҳимоячиларни жамоага таклиф қилиш мумкин бўлади. Унгача эса марказий ҳимоя ярим жароҳатланган Матип ва ёш Гомезга қолиб кетади. Немис мутахассиси Фабиньони улкан тажрибасига суянган ҳолда, ҳимоячи сифатида майдонга ташлаши ҳам мумкин. Бугунги рақиб эса ҳимоядаги муаммоларни кўрсатиб бера оладиган даражада кучли эмас. 

Тахминий таркиб: Алиссон, Арнольд, Фабиньо, Гомез, Робертсон, Вейналдум, Милнер, Жота, Фирмино, Мане, Салоҳ.

Иштирок эта олмайди: Ван Дейк, Оклейд-Чемберлен, Цимикас.

Сўроқ остида: Алкантара, Матип, Кейта.

ElR5UkjXYAEDvDa

“Мидтъюлланн”

Данияда аста-секинлик билан “Копенгаген” гегемониясига чек қўйилмоқда. Мана шу сабабдан ҳам жорий мавсумда ЕЧЛда “шерлар” эмас, “Мидтьюлланн” иштирок этади. Саралашда “Лудогорец”, “Янг Бойз” ва “Славия Прага” каби катта жамоаларни ер тишлатиб келганига қараганда, данияликлар пойтахт клубини асосли тарзда ортда қолдирган. Жорий мавсумда ҳам 6 та турдан сўнг Приске шогирдлари 13 очко билан мусобақа жадвалининг 3-поғонасида бормоқда. Эътиборлиси, улардан олдинда бораётган 2 та клубда ҳам 13 тадан очко мавжуд. 

Скандинавияликлар учун ЕЧЛ гуруҳ босқичи омадли бошланмади. “Аталанта”га рўбарў келган клуб ўз уйида жавобсиз 4 та тўп қабул қилиб олди. Бергамоликлар якунига етган мавсумда чорак финалдан қандай аламли тарзда чиқиб кетганини ёдга оладиган бўлсак, натижа тушунарли. Бугун эса ушбу клуб “Энфилд”да меҳмон бўлади. Хайриятки, стадион бўш бўлади…

Тахминий таркиб: Андерсен, Андерссон, Свиатченко, Шьолз, Паулиньо, Оньека, Каюсте, Дрейер, Систо, Мабил, Каба.

Иштирок эта олмайди: Риис.

Сўроқ остида: Хансен, Брумадо.

ElSMZdfXIAA3p4X

Юрген Клопп: “Очиғи, биз улар ҳақида кўп нарсани билмаймиз. Жамоалар майдонда баҳс олиб боришгач, кўпроқ нарсаларни билиб оламиз. Улар ЕЧЛга чиқишни уддалади ва ўз лигасида яхши натижалар қайд этмоқда. Уларда ўзларига бўлган ишонч ва хотиржамлик ҳисси мавжуд. Биз, асосан, ўз ўйинимизга эътибор қаратамиз ва ўйлайманки, барчасини яхши уддалаймиз. 

image_2020-10-27_22-56-28

Браян Приске: “Жуда кўп жиҳатлардан “Аталанта”га қарши ўйиндаги ҳаракатларимиздан қониқиш ҳосил қилдим. Албатта, натижани инобатга олмаганда. Биз жуда кўп хатоларга йўл қўйяпмиз ва шу сабабли ҳам, на ЕЧЛда ва на Суперлигада ўзимиз хоҳлаган натижаларга эришмоқдамиз. Биз ушбу хатоларни йўқота олсак, катта қадам ташлаган бўлардик. 

image_2020-10-27_22-39-25

Хулоса ўрнида

Бугунги баҳслардан йирик ҳисоблардаги ғалабалар кутишга ҳақлимиз. Сабаби, фаворит жамоаларга рақиблик қиладиган жамоаларда аҳвол у қадар яхши эмас. Албатта, “Реал”, “Манчестер Сити” ва “Ливерпуль” ҳолатини ҳам идеал даражада, деб бўлмайди. Бироқ, иккита тенг кучли таркибга эга жамоа сифатида таърифланадиган ушбу клублар учун бу каби рақиблар олдида муаммоларини рўкач қилиш ярашмайдиган ҳолат бўлади. Учала ўйин орасида “Реал”нинг ўйини бироз оғир кечиши мумкин. Чунки, немис клуби анча тажрибали ва ўз мавқейига эга клублар сирасига киради. “Марсель” ҳақида ҳам мана шундай таърифни ишлатишимиз мумкин, лекин Гвардиола жамоаси ҳозир яраланган шерни эслатувчи ҳолатда ва бор аламини Виллаш-Боаш шогирдларидан олиши мумкин. 

Бизни голларга бой тўқнашувлар кутиб турибди. Учала ўйин ҳам сайтимизда матнли трансляция тарзида эътиборингизга ҳавола этилади.

 

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар