Эдуар Менди: "Энг муҳими — бугун футбол ғалаба қозонди"
Сенегал терма жамоаси дарвозабони Эдуар Менди Африка миллатлари кубоги финалида Марокаш устидан қозонилган ғалабадан сўнг фикр билдирди. Қўшимча вақтда 1:0 ҳисобида якунланган баҳсда Менди ҳал қилувчи роль ўйнади.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг 14-дақиқасида Менди Браим Диаснинг пенальтидан паненка усулида берган зарбасини қайтарди. Ушбу эпизод олдидан пенальти белгиланиши билан боғлиқ узоқ тортишувлар бўлиб ўтган, Сенегал футболчилари ҳатто майдонни тарк этган эди.
"Биз ҳис-ҳаяжон билан гапиришни истамаймиз. Футболда ҳар хил ҳолатлар бўлади, аммо энг муҳими — бугун футбол ғалаба қозонди. Марокаш бу совринни 50 йилдан ортиқ кутди, улар қўлларидан келганча ҳаракат қилди. Биз эса ўз жавобимизни бердик ва бугун Сенегал ғалабасини нишонлаяпмиз.
Пенальтига келсак, Диас паненка билан тепди, мен эса охиригача тик турдим. Ўша пайтда жамоамга ёрдам бердим. Биз бу финални ютишга ва кубокни уйга олиб кетишга қатъий қарор қилган эдик. Ҳозир миллионлаб сенегалликлар хурсанд.
Баҳсларни ортда қолдириш керак. Биз майдонга бирга қайтдик ва бирга ғалаба қозондик. Бугун ўзимиз билан фахрланишимиз мумкин", — деди Менди "BeIN Sports" орқали.



Фикрлар